Бeларусь олийгоҳида ўзбек тили ўқитилади
Беларусь давлат университети билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгроқ йўлга қўйиш, мавжуд алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказилди.
Беларусь давлат университети билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгроқ йўлга қўйиш, мавжуд алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказилди.
Учрашувда БДУ ректори А.Корол университет тарихи, ҳозирги кунда эришилаётган муваффақиятлар, Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан таълим ва фан соҳасида амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқалари, шунингдек, икки мамлакат ўртасида амалга оширилиши кўзда тутилаётган истиқболли режалар ҳақида гапириб, ўзбек тилининг жозибадорлигини алоҳида эътироф этди.
Беларусь давлат университети кўп йиллар давомида QS World University Rankings рейтинг кўрсаткичи бўйича дунёдаги 500 та энг нуфузли университетлар рўйхатига киритилган. Бу йил ушбу рейтинг кўсаткичи бўйича 341-ўринни эгаллаган.
Университетда 28 минг нафардан ортиқ, шу жумладан, 4 мингдан зиёд чет эллик талабалар таҳсил олмоқда. Чет эллик талабалар орасида 40 нафар ўзбекистонлик талаба ҳам бор.
Тадбирда Беларусь давлат университети ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида келишиб олинди. Шунингдек, БДУнинг халқаро муносабатлар факультетида ўзбек тилини ўқитишни йўлга қўйиш бўйича таклиф А.Корол томонидан мамнунлик билан қабул қилинди.
Учрашув сўнггида БДУ ректорига университет ўқув кутубхонасида фойдаланиш учун «Ўзбек тили изоҳли луғати»нинг беш томлик нашри ҳамда «Созвучие сердес Узбекистан-Беларус» сарлавҳаси остида ўзбек ва беларусь адиблари сайланма асарларининг қўшма нашри топширилди.