Беларусь халқи Мустақиллик кунини нишонламоқда
Александр Лукашенко Мустақиллик куни муносабати билан Ғалаба майдонида гул қўйиш маросида иштирок этган.
Бугун – Беларусь Республикаси Мустақиллик куни. Ушбу байрам 1944 йил 3 июлда Минск шаҳрининг немис фашист босқинчиларидан озод этилган кун шарафига ҳар йили нишонланади. Шу куни пойтахт кўчаларида, вилоят ва туманлар марказларида турли тадбирлар, маросимлар ўтказилади. Бу йил ҳам ушбу сана катта тантана билан байрам қилинди.
“БелТА” ахборот агентлигининг хабар қилишича, Мустақиллик куни муносабати билан Беларусь Президенти Александр Лукашенко ва мамлакат халқи номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, сиёсатчилар, жамоат арбобларидан табриклар келмоқда.
Жумладан, МДҲ, Европа Иттифоқи мамлакатлари раҳбарлари, шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, ШҲТ Бош котиби Владимир Норовлар қутлаган.
Президент Лукашенко байрам муносабати билан ўз табригида Беларусь мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга эканини таъкидлаган. “Ушбу байрам ҳар бир беларусь учун алоҳида маъно-мазмунга эга. Бизнинг минг йилдан ортиқ тарихимиз – халқимизнинг ҳамиша ўз замини, маънавий қадриятлари ва ўз тақдирини ўзи белгилаш учун олиб борган доимий курашларидан иборат", – дейилади унинг табригида.
Александр Лукашенко Мустақиллик куни муносабати билан Ғалаба майдонида гул қўйиш маросида иштирок этган.
“Беларусь – тинчликсевар давлат ва ҳар доим шундай бўлиб қолади. Биз мамлакатлар ва халқлар ўртасида мулоқот, тенглик асосида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тарафдоримиз”, – деган давлат раҳбари гул қўйиш маросимида.
Президент бугун Мустақиллик кунида, “Беларусь унутмайди” деб номланган тантанали юришда иштирок этди", дейилади “БелТА” хабарида.