Бекатлар нега рақамланган?
Ўзимиз ҳам очиқ ҳавода метро вагонлари қандай юриши, хизмат кўрсатиш сифати қай даражада бўлиши билан қизиқаётган эдик.
“Беш йилча олдин хизмат сафари билан Москвада бўлганимда ер усти метросида шаҳар айланган эдим. Шунда «Қани эди, бизда ҳам шундай йўналишлар бўлсаю, фарзандларимга шаҳримизни обод ва гўзаллигини кўрсатсам», дея орзу қилган эдим. Мана ана шундай, очиқ ҳаводаги метролардан фойдаланадиган кунлар ҳам келди”. Бу - Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналишидан фойдаланаётган Собиржон Содиқовнинг дил сўзлари эди.
Пресс-тур иштирокчилари Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг қуриб битказилган биринчи босқичи – «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналишида ҳам бўлишди. Ўзимиз ҳам очиқ ҳавода метро вагонлари қандай юриши, хизмат кўрсатиш сифати қай даражада бўлиши билан қизиқаётган эдик.


Бекатлар миллий колорит асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар ҳамда эскалатор билан жиҳозланган. Бекатларнинг икки томони қуёш нурини кам ўтказадиган махсус ойналар билан қопланган. Перронга кириб-чиқиш ҳудудларида кўркам ва рангли кафеллардан фойдаланилган. Бекат атрофи ва ҳудуди ободонлаштирилиб, замонавий ёритгичлар ўрнатилган, йўлакларга узоқ муддатга чидамли брусчаткалар, мармар тошлари терилган.
Мутахассислар бу йўналишда поездларнинг ўртача юриш тезлиги соатига 60 километр, оралиқ масофани босиб ўтиш вақти – 19 дақиқа, бекатларда тўхташ вақти – 15 сония эканини маълум қилишди. Ушбу йўналиш кунига 46 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга. Бу бекатларнинг рақамлар билан номлангани бизга бир оз эриш туюлди.

- Уларнинг сонлар билан аталиши вақтинча, - дейди Тошкент метрополитени ходими Рустам Пўлатов. - Қолган бекатлар ҳам қуриб битказилгандан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли идоралари бекатларга ном қўяди. Атамашунослар бунда бекатлар қурилган жойнинг тарихи, ўтмишини ўрганиб, шунга кўра ном танлайди.
Қайд этиш керакки, ушбу улкан транспорт линиясини лойиҳалаштириш 2017 йилда бошланган эди. Қурилишнинг бориши давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлди. 2019 йилнинг август ойида Тошкент ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган «Дўстлик-2» – «Қўйлиқ» участкасидаги «Дўстлик-2» ҳамда 2-бекатларида қурилиш ишлари тугатилиб, оралиқ йўналишида 2 минг 303 метрлик янги рельслар ҳам ётқизилиб, дастлабки поездлар синов тариқасида ҳаракатланган эди.

Ер усти ҳалқа метроси лойиҳасининг умумий қиймати 422 миллион доллардан зиёд бўлиб, бешта босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан Тошкент ер ости метросининг «Олмазор» бекати боғланади. Учинчи бўлиб «Беруний», ундан кейин «Бодомзор» бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна «Дўстлик» бекатига уланади. Бу йўлларнинг жами узунлиги қарийб 55 километр, бекатлар 35 та бўлади.