Беғубор болаликдан мосуво болалар
Дунёдаги барча болалар доимо ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашга муҳтож. Шу маънода ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ва ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ва бошқа ҳолатларидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари ҳамиша ҳимояда бўлиши муҳим. Бироқ бугунги таҳликали даврда айрим давлатларда яшаётган болаларнинг ҳаётига ҳавас қилиб бўлмайди. Улар беғубор болалигини уруш ўчоғида, хору-зорликда ўтказмоқда.
Конго пойтахти Киншаса шаҳрининг 20 миллионга яқин аҳолиси бор. Бу ерда 30 мингтага яқин болалар бош панасиз, қашшоқликда яшайди. Бунга Конго демократик республикаси шарқида армия ва “М-23” партизан гуруҳи ўртасидаги қуролли тўқнашувлар сабаб бўлаётир. Уруш туфайли болаларнинг беғубор болалиги йирик шаҳарлардаги қочқинлар лагерларида ўтмоқда.
Испаниянинг АВС газетасида ёзилишича, ҳисоботларда рақамлар баъзан камайтириб кўрсатилади. Киншаса кўчаларидан ташқари, бошқа ҳудудларда ҳам ўн минглаб болалар уйсиз. “InteRed” нодавлат ташкилоти маълумотига кўра, уларнинг 70 фоизга яқини12-18 ёшда, 26-48 фоизи қизлардир.

Яна бир муҳим маълумот – Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 2024 йил Конгода ёшлар ишсизлиги даражаси 42 фоизга етган. Аҳолининг 50,83 фоизини 15-64 ёшлилар ташкил этади. Мамлакатда ўртача умр кўриш 59 ёш. Энг глобал муаммо бу қизларнинг таълим олиши ҳисобланади. Киншасадаги энг йирик “Мама Коко” меҳрибонлик уйида 400 дан зиёд бола истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги ногирон. Масалан, айрим болаларда руҳий, жисмоний, ақлий хусусияти ортидан муайян шахс ёки гуруҳга нисбатан салбий муносабат шаклланган. Шу боис уларни оилалари ҳам ташлаб кетган. Бундай ҳолатлар фанда “стигматизация” атамаси билан ифодаланади. Ачинарлиси, бўлимларда 1-2 ёшли гўдаклар, касалланган чақалоқлар кўп.
Бугунги кунда КДРда “кулуна” номи билан танилган тоифа шаклланган. Яъни, болалар жиноий гуруҳларга аъзо бўлиб киради ва мунтазам равишда зўрлаш, ўлдириш, таҳдид ва ўғирлик билан шуғулланади. Назоратсиз ўғил-қизлар бундай кўникмани кўчада, кўприк ва ер ости йўлларида ўзлаштиради. Улар вақтини асосан бозорларда ўтказади. Бунинг устига ноанъанавий одатлар тарқалиши, аҳолининг жодуга эътиқоди кучайиши қўшилади. Баъзи оилалар “муаммоларига фарзандларидан бири сабаб экани”га ишонади ва боласини уйдан ҳайдаб юборади.
– КДР кўчаларида яшовчи минглаб болаларнинг даҳшатли ҳақиқати мамлакат бошдан кечираётган чуқур гуманитар инқирозни акс эттиради, – дейди “Карибу” ассоциацияси раҳбари, инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Николас Ндонгала. – Бу болаларнинг аксари етим ёки бузилган оила фарзанди. Улар оғир меҳнат, зўравонлик шароитида омон қолишга мажбур.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади.
ЎзА