Бедор қалб соҳибасининг янги китоби
Мамлакатимизда ёш ижодкорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илк ижод намуналарини чоп этишга яқиндан кўмаклашиш, фаолияти билан кенг жамоатчилик, айниқса адабиёт ихлосмандларини таништириш борасида изчил ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳридаги “Турон” кутубхонасида истеъдодли ёзувчи ва адабиётшунос олима Рухсора Нурнинг “Алп” нашриётида чоп этилган “Тунқа” ҳикоялар тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Ёш ижодкорнинг ушбу китобидаги йигирмага яқин қизиқарли ҳикоялари турфа мавзуларни қамраб олгани билан аҳамиятли.
Ҳикоялари чет элда меҳнат қилаётган ўзбек аёлларининг қалб изтироблари, хиёнат қаршисида ҳатто ўзини ўлимга ҳам рўбарў бўлишга тайёр инсоннинг армонлари, ўзлигини йўқотган ёш авлоднинг Ғарбнинг маънавий-ахлоқий таназзул тўрига ғарқ бўлаётгани баён этилади.

Рухсора Нур ўз қаҳрамонлари сиймосида одамзод яралганидан буён мавжуд бўлган муҳаббат ва нафрат, ишонч ва ёлғон, нафс ва эзгулик, бебурдлик ва оқибат, бойлик ва қашшоқлик, сабр ва ношукрлик каби бир-бирига қарама-қарши туйғуларнинг курашини ифодалашга ҳаракат қилади.
Муаллиф инсонни табиатнинг ажралмас бўлаги сифатида кўради, уни китобхонга шундай тақдим этади. Аммо технологик тараққиёт, ахборот оқимининг ҳаддан зиёд ортиб бораётгани шароитида инсоннинг ўзгараётган феъли-атвори, ҳатто энг яқинлар ўртасида ҳам юзага келаётган бегоналик ҳисси Рухсора Нурни изтиробга солади, дилини хира қилади. Шунинг учун ҳам муаллиф бу дардини куюнчаклик билан қаламга олади. У оломончилик кайфиятини барча маданиятларни йўқ қилиб юборадиган даҳшатли ёвуз кучга қиёслайди.
Ёзувчи ҳикояларида бугунги кун воқеалари, хатолар ва муаммоларнинг келиб чиқиш ўзанларига тўхталар экан, кўп асрлик тарихий ибратлар тимсолида масалани бадиий-фалсафий жиҳатдан очишга эътибор қаратади.
“Алла айтган гўдаклар” ҳикоясида урушларга тўлиб бораётган дунёда, ваҳший зўравонлар куч билан заифларни маҳв этаётган дунёда энг катта ёвузликлар зарбаси норасидалар зиммасига тушаётгани, энг аввало, болалар дунёдан кўз юмаётганини жуда аччиқ изтироб билан қаламга олади.
Таъсирли ҳикоялар тили равонлиги, уларда халқона мақоллардан кенг фойдаланилгани, туйғуларнинг ранг-баранглиги билан ажралиб туради.
Тадбирда адабиётшунос олимлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, китобхонлар “Тунқа” тўплами ва муаллифнинг ижоди ҳақида фикрларини билдирди.
Айтиш керакки, Рухсора Нур (Имомова) 1997 йил 29 ноябрда Бухоро вилоятининг Олот туманида туғилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилиб, қайта тикланган Республика ёш ижодкорларининг 2019 йилда ўтказилган Зомин семинари иштирокчиси. “Илҳом” мукофоти совриндори.
Муаллифнинг “Рауф Парфининг бадиий маҳорати” монографияси нашр этилган. Рухсора Нур – “Адабиёт назарияти. Эпик тур ва жанрлар” ўқув қўлланмаси муаллифи. Унинг “Маржоннинг орзуси” шеърий тўплами, “Тунқа” (2026) ҳикоялар тўплами чоп этилган.
Турк ва инглиз тилларидан турли адабиётларни ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиб келмоқда. Жумладан, америкалик Нобель мукофоти совриндори Перл Бакнинг “Серҳосил замин” романи, турк ёзувчилари Режаи Яҳёнинг “Бахт психологияси” китоби ва Улаш Севарнинг “Қайтиш” романи таржимаси орқали катта шуҳрат қозонди. Туркияда “Танланган ўзбек шоирлари шеърлари” антологиясини турк тилида чоп эттирди.
Адиба ҳозирда Бухоро давлат университетининг таянч докторанти. Ҳикоялари вьетнам, инглиз, турк, озарбайжон тилларига таржима қилинган.
Н.Усмонова, ЎзА