Бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармасида 2023 йил ва жорий йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Республика рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов, қўмита вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фахриддин Салоҳиддинов анжуман кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.
Вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 2023 йил давомида вилоятда рақобатни ривожлантириш, товар бозорларини таҳлил қилиш, ноҳалол рақобатга чек қўйиш, табиий монополияни тартибга солиш, нарх ва тарифлар ҳамда уларнинг қўлланилишини назорат қилиш, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Ўтган йилнинг ўзида ҳудудий бошқармага жами 1500 га яқин мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 700 таси истеъмолчи фойдасига қаноатлантирилди, 375 тасига тегишли тушунтириш берилган бўлса, 13 таси кўриб чиқиш учун тегишли вазирлик ва идораларга юборилди. Ўрганишлар натижасида истеъмолчилар фойдасига 11 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шу билан бирга, ҳудудий бошқарма томонидан ҳисобот даврида жами 181 та юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоси орқали сотувчи, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 12 турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларнинг сунъий ошишини олдини олиш бўйича назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик таҳлиллар олиб борилди.
[gallery-17100]
Жорий йилнинг ўтган биринчи чорагида ҳам вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан самарали фаолият олиб борилди. Ўтган даврда 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 160 таси истеъмолчи фойдасига қаноатлантирилди, 107 тасига тегишли тушунтиришлар берилди, 3 таси ҳудудий бошқарма ваколатига кирмаганлиги сабабли кўриб чиқиш учун тегишли вазирлик ва идораларга юборилди. Ўрганишлар натижасида истеъмолчилар фойдасига 2 миллиард сўмга яқин пул маблағи қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Матбуот анжуманида иштирокчилардан тушган саволларга мутасаддилар томонидан тўлақонли жавоб қайтарилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА