“Байроғинг бағримга босиб яшасам”
Мусаффо осмон... Бепоён олам... Фаровон ҳаёт... Майин эсаётган шаббода...
Ҳеч эътибор берганмисиз, юртимиз байроғини кўрганингизда, албатта, шу манзараларнинг барчаси кўз олдингизда намоён бўлади.
Азамат йигитлар қўлига қандай ярашади у! Чунки жонини шу Ватан учун тикканлар байроғни юрт ғурури эканлигини юрак-юрагидан ҳис қилади. Ахир буюк бобомиз Нажмиддин Кубронинг жасорати ҳақиқат-ку. Ўнта мўғул жонсиз ётган аждодимиз қўлларидан байроғни тортиб ололмагани халқ тилида авлодлардан авлодларга ўтиб келаётгани бежиз эмас. Чунки Ватан байроғи шунчаки рамз эмас, у мустақилликдан, эркинликдан, тинчликдан сўз айтиб туради.
Назаримда, ҳеч ким хорижий давлатда юрт шаънини ҳимоя қилаётган спортчи каби унинг бутун жозибасини, бераётган қувватини, кучини ҳис қила олмаса керак. Бунга яқинда ўзим гувоҳ бўлдим. Ватанимиз байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Фарғона шаҳридаги 42-мактабда ўтказилган байрам тадбирига бокс бўйича жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев таклиф қилдик. Байроғимиз ҳурмати тадбиримизда қатнашиб, ўқувчиларимизга мотивация бериб кетишини сўрадик. Лекин у айни кунларда Америкада экан. У бизга: “Опа, менку ҳурматини онам қадар қиламан. Лекин дунёга ҳам ҳурмат қилдириш учун қаттиқ машғулотлар жараёнидаман”, деди.
Бугун 25 ёшли ўзбек ўғлони юрт обрўси учун, байроғи ҳурматини баланд билиб, унинг қадр-қимматини оширишга бел боғлаган.

Тадбирда мактаб ўқувчиларига бу маълумот ҳам айтилди. “Байроғинг бағримга босиб яшасам!” шиори остида ўтказилган байрамда 42-мактабнинг жажжи бошланғич синф ўқувчиларидан тортиб, устоз-мураббийларигача иштирок этди. Дастлаб мазкур давлат рамзимизда акс этган ҳар бир ранг-у тимсолларнинг моҳияти яна бир бор тушунтириб берилди.Мактаб мисолида юртга меҳр қўяётган ўқувчиларнинг “Менинг бағрикенг дунём” мавзусида чизган энг яхши расмлари устозлар томонидан эътироф этилди. Мазкур тадбир доирасида кутубхонада давом этган “Китобхонлик сабоқлари”да китобсеварлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлган китобхон ўқувчилар ўзбек адабиётининг дурдона асарлари билан тақдирланди.
Аслида, 42-мактабнинг юқори қаватларидан шаҳримиздаги “Санъат саройи”га ўрнатилган Ўзбекистон байроғи кафтдек кўриниб туради. Энди бизнинг ўқувчилар мағрур ҳилпираётган ғуруримиз, тинчлигимиз, бахтимиз, эркинлигимиз тимсоли бўлган бу байроққа шунчаки эмас, бошқача нигоҳ билан боқсалар, не ажаб! Ахир юрт байроғининг осмон узра парвоз қилишида қачондир уларнинг ҳам ҳиссалари бўлиши керак. Ҳарбийларимиз тиз чўкиб, кўзига суртган, спортчиларимиз сабаб дунёга танилиб бораётган байроғимиз ҳамиша юксакда, эъзозда, ҳурматда бўлаверсин.
Гўзал Охунова,
Фарғона шаҳридаги 42-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.
ЎзА