Байроғимиз – фахримиз, ғуруримиз
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинган кун
Она заминимизда эллар, миллатлар кўп. Ҳар ким ўз она Ватани билан фахрланиши, ғурурланиши лозим. Биз давлатимиз рамзлари – ўз тилимиз, байроғимиз, гербимиз ва мадҳиямизга эгамиз. Ватанимиз тимсоллари бизнинг ғуруримиз.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузи тобора ошиб бормоқда. Айниқса, маданият, спорт ва илм-фан соҳаларида катта ғалабаларга эришиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи жаҳон узра ҳилпираб туриши бизга ғурур бағишлайди. Сўнгги йилларда фуқароларнинг ўз ватанпарварлик туйғуларини ифода этиш ҳамда Ватанимиз эришаётган ютуқларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат рамзларидан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғидан кенг фойдаланишга бўлган талаб ошиб бораётганлиги яққол кўринмоқда.
Президентимиз томонидан 2023 йил 7 июлда “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун имзоланди. Мазкур қонун билан эндиликда байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек, уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида, спорт мусобақаларида, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбобларининг, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланилишга рухсат берилди.
Шунингдек, ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғига нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлиш ҳоллари ҳам белгилаб қўйилди. Эндиликда байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги ўчган ҳолда ва бошқа номаъқул тарзда, бирор-бир нарса учун устки ёпинғич, кийим, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, шунингдек, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш, байроқни столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки унинг тасвирини тушириш ва ундан қоплама сифатида фойдаланиш мумкин эмас.
Шу билан бирга, уни оёқ остига тўшаш ёки унинг тасвирини тушириш тақиқланади. Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд байроқни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор.
Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсолидир. Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурматда бўлиш, уларни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозим.
А.Дадажонов,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи.
ЎзА