Байрамни ўз уйингда кутишдан ортиқ бахт йўқ
“Олтиариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулноза Орипова 4 нафар фарзанднинг онаси.
Ёлғиз аёлнинг бошидан не кўргуликлар ўтмади, дейсиз. Сабр-қаноат қилиб, ўн йилдан буён ижарада яшаб келмоқда. Бу йилги Наврўз байрами бир умр ёдида қоладиган бўлди. Чунки унга кўп қаватли янги турар жойлардан 2 хонали шинам уй туҳфа қилинди.
Олтиариқ туманида Гулноза каби оғир вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд 25 оилага янги бунёд этилган уйлар тантанали топширилди.
Инсон борки, ўз уйи – ошёни бўлиши учун интилади. Бироқ орамизда шундай инсонлар ҳам учрайдики, қўли юпқалиги ёки имконияти чеклангани туфайли уйли бўлишдек орзу билан узоқ йиллардан буён бир жойда қўним топмай ёхуд ўта қийин, ночор шароитда яшаб келмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ногиронлиги бўлганларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги босқичга чиққани бугун, айтиш мумкинки, ана шу эҳтиёжманд инсонлар ҳаёти, уларнинг оиласига чинакам қувонч олиб кирмоқда.
Фарғона вилоятида байрам арафасида уй-жойга муҳтож хотин-қизлар, эҳтиёжманд оилаларга Олтиариқ ва Фарғона туманида бунёд этилган кўп қаватли уйлар топширилди. Уйларнинг бошланғич тўлови Республика хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тўлаб берилгани уларнинг мушкулини янада осон қилди.
Олтиариқ туманида мазкур уйларни топшириш маросими катта шодиёнага айланди. Вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилноза Эргашева, туман ҳокими Холмирза Ниёзов янги уй соҳибларини қўшалоқ байрам билан табриклади.
Шинам, бир оила бекаму кўст яшаши учун барча шароит муҳайё этилган уйга кўчиб кирганлардан яна бири Одинахон Мадаминовадир. Турмуш ўртоғи Ваҳобжон ака биринчи гуруҳ ногирони, бир нафар фарзанди бор. Уч йилдан буён Тинчлик шаҳарчасидаги Олтиариқ нефтни қайта ишлаш заводига қарашли ётоқхонада яшаб келади.
“Шарқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилган кўп қаватли уйлардан 2 хонали уйнинг калити берилди.
– Қалбимдаги миннатдорликни, шукроналикни сўз билан ифодалай олмайман, – дейди Одинахон. – Ўз уйинг бўлгани барибир бахт экан. Севимли оилам, яхши кўрган машғулотим бор. Лекин ҳаётимизда бир кемтиклик бор эди. Уйсиз эдик. Бугун давлатимиз томонидан кўрсатилган беминнат кўмак туфайли бу кемтикликнинг ўрни тўлди.
Уйларни топшириш маросими Наврўз байрами тантаналарига уланиб кетди. Бир пиёла чой устида давом этган тадбирда санъаткорларнинг ижодий дастури намойиш этилди.
[gallery-1674]
М. Сулаймонов,
М. Қодиров(сурат),
ЎзА