Байрамни аёлларимиз қандай кутиб олмоқда?
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида «Замонавий жамиятда хотин-қизларнинг ўрни, мақсади ва устуворликлар» мавзусида телефон сўровини ўтказди.
Тадқиқот давомида мамлакатимизда хотин-қизларнинг замонавий жамиятдаги роли, уларнинг қадриятларга оид асосий устуворликлари, ҳаётий мақсадлари ва нуқтаи назарлари ўрганилди.
Республиканинг барча вилоятлари ва минтақаларида ўтказилган сўровда 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, шаҳарликлар ва қишлоқ аҳолиси, турли миллат, ижтимоий гуруҳ вакиллари, ишлаб чиқаришнинг турли соҳа ва тармоқларида банд бўлганлар иштирок этдилар.
Ўтказилган сўров байрамнинг мамлакат аҳолиси, айниқса, хотин-қиз вакиллари ўртасида катта меҳр-муҳаббат ва оммавийликка сазоворлигини кўрсатди. 8 март куни хотин-қизлар анъанага кўра, чин юракдан билдирилган энг илиқ истакларни қабул қиладилар. Эркаклар томонидан ғамхўрлик намоён қилиниши уларнинг ҳаётини шоду хуррамлик, гўзаллик ва мазмун билан бойитади. Хусусан, телефон сўрови жараёнида хотин-қизлар ўзларининг 8 март арафасидаги фикрлари, орзу-умидлари ва ҳиссиётлари билан ўртоқлашдилар. Уларнинг айримларидан намуналар келтирамиз.
***
8 март – бу баҳорнинг бош байрами, гуллар ва яхши кайфият байрами! Ушбу кун истисносиз барча хотин-қизлар гўзал ва мафтункор бўлади.
Тадбиркор, Фарғона вилояти.
***
Хотин-қизлар байрами бувижонларимизни, онажонларимизни, опа-сингилларимиз ва ўзимизга яқин бошқа хотин-қизларни табриклаш, улар билан учрашиш ва табриклаш учун учун ажойиб баҳонаи сабабдир.
Талаба қиз, Бухоро шаҳри.
***
Мен учун 8 март – анъанавий оилавий байрам, унда бизнинг катта ва аҳил оиламизнинг барча эркаклари хотин-қизларга кутилмаган совғалар ва яхши кайфият улашишади.
Ходимлар бўйича директор, Тошкент шаҳри.
***
Мен Халқаро хотин-қизлар кунига алоҳида илиқ муносабатдаман. Бу байрам шуниси билан яхшики, у бизнинг қадрли эркакларимизга ўзларининг яхши сифатларини намоён қилиш ҳамда севимли оналари, гўзал рафиқалари, қадрли опа-сингиллари ва қизларига қувонч бағишлаш учун ажойиб имконият беради.
Фармацевт, Қўқон шаҳри.
***
Телефон сўрови респондент хотин-қизларнинг Халқаро хотин-қизлар байрамини нишонлашдан кутаётган асосий орзу-умидлари рейтингини тузишга имкон берди.
***
Анъанага кўра, 8 Март куни эрталабдан эрим ва болаларимдан табрикларни қабул қиламан. Катталар гуллар билан совғалар инъом этишади, кичиклар мактабдаги ижод намуналарини тақдим этишади, энг кичигимиз эса откритка беради. Биз оила даврасида байрам қиламиз, шу сабабли байрам таомларини тайёрлаш бўйича барча ташвишларни оиламиздаги эркаклар жамоаси ўз зиммасига олади.
Мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси, Тошкент вилояти.
***
Ушбу кун биз албатта онажон ва бувижонларимизни табриклаймиз, ота-онамникига ва қайнотам-қайнонамникига борамиз, Совғалар берамиз, севимли оналаримиз самимият ва ғамхўрлик оғушида бўлишади.
Тадбиркор аёл, Қорақалпоғистон Республикаси.
***
Бу йил менга 8 мартни ишда нишонлашга тўғри келмоқда, бинобарин, мен табрикларни асосан эркак ҳамкасбларим ва йўловчилардан қабул қиламан, гуллар совға қилишади, ширинликлар беришади ва ёқимли сўзларга кўмиб ташлашади. Байрам – бу ҳамиша ёқимлидир!
Метрополитен ходимаси, Тошкент шаҳри.
***
Одатда менга яқин кишиларим севимли баҳорий гулларим – лолалар, фрезия, гулсафсарларни ҳадя этишади. Улар нозик, хушбўй, ёрқин – хонадонни баҳор ифорларига тўлдиради. Ишдаги хотиржамлик, ҳамманинг соғ-саломат ва бахтли бўлиши энг яхши совғадир!
Тез ёрдам врачи, Навоий вилояти.
***
Шунингдек, телефон сўрови Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенглик қоидаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича ўтказилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тасдиқлади.
Сўров жараёнида тадқиқот иштирокчилари бўлган хотин-қизлардан: «Аёл оила бюджетига моддий ҳисса қўшиши керакми?», деб сўралди.
Сўров натижаларининг кўрсатишича, кўпчилик хотин-қиз респондентлар 82,6 фоизининг фикрича, аёл оила бюджетига моддий ҳисса қўшиши керак.
Сўров иштирокчиларининг бундай нуқтаи назари кўпинча эркакнинг бир ўзига оиланинг тўла молиявий таъминотини олиб боришнинг мураккаблиги билан изоҳланади. Кунлик озиқ-овқат ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш харажатларидан ташқари боланинг муносиб ва махсус таълим олиши, уй-жой шароитларини яхшилаш, оиланинг моддий аҳволини ошириш, оилавий тадбирларни ўтказишга маблағ жамлаш кабиларга молиявий маблағлар керак. Аёлларнинг ўз жавобларида таъкидлашича, оиланинг эҳтиёжларини айнан биргаликда моддий таъминлаш оиланинг даромадлари ва харажатларини янада оқилона тақсимлашга ёрдам беради ва ушбу масалада эрнинг зўриқишини бартараф этади.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, тадқиқот иштирокчиларининг аксарияти – 79,4 фоизи аёл хоҳ мансабда ўсиш, ижодиёт ёки хоҳ тадбиркорлик бўлсин, оилани ҳам, фаолиятнинг ҳар қандай соҳасида ўзини намоён қилишни ҳам биргаликда уддалаши мумкин, деб ҳисоблайди.
Телефон орқали ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатдики, тадқиқот иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (93,8%) давлат бошқаруви тизимида ёки тадбиркорлик ва бизнесда юқори лавозимларни эгаллаб турган аёлларга нисбатан ижобий муносабатда. Сўров иштирокчилари бундай фаол, мақсадга интилувчан ва уддабурон аёлларни қўллаб-қувватлашини билдириб, уларни мамлакатнинг меҳнат ва касбий фаолиятда ёки бизнесда намоён қилишга интилаётган бошқа аёллар учун намуна, деб ҳисоблайди.
Умуман олганда, сўров натижалари аёлларнинг жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигидан далолат бериб турибди. Иштирокчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда мамлакатимизда яратилган шарт-шароитлар туфайли хотин-қизларнинг жамиятдаги мақоми ошди, уларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ўсиб бормоқда. Ўзбекистоннинг замонавий аёли ўзининг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариб, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш ва янгилашда фаол иштирок этмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА