Байрам янги уйларда нишонланди
Конституциямиз қабул қилинган кун шодиёналари Сурхондарё вилояти маданият ва санъат ходимлари учун қўшалоқ тўйга айланди.
Конституциямиз қабул қилинган кун шодиёналари Сурхондарё вилояти маданият ва санъат ходимлари учун қўшалоқ тўйга айланди.
Президентимиз 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида бир гуруҳ маданият ходимлари ва Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари билан учрашиб, Термиз шаҳрида соҳа ходимлари учун алоҳида уй-жой бунёд этиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Шунга мувофиқ шаҳар марказида барча қулайликларга эга икки ва уч хонадан иборат беш қаватли хизмат уйи қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда давлат, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, маданият ва санъат ходимлари, ёшлар иштирок этди.
Янги хизмат уйи ижодкорларнинг турар жой билан боғлиқ муаммосига чек қўйди. Вилоят маданият бошқармаси тасарруфига берилган кўп қаватли уй шаҳар марказидаги Санъат саройининг шундоқ ёнгинасида қурилди. Бу соҳа ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиб, рағбатлантириш ва ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
50 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли янги уйни “Термиз тезкор қурилиш” хусусий корхонаси бунёдкорлари барпо этди. Кенг, ёруғ ётоқхона, меҳмонхона, ошхона ва бошқа қўшимча хоналар замонавий усулда жиҳозланган. Яратилган бундай қулайликлардан янги уйларнинг соҳиблари жуда мамнун.
– Ҳаётим элимизни аждодлардан мерос қолган халқ оғзаки ижоди намуналаридан баҳраманд этиш, ўзимизга издошлар тайёрлаш ва ёшлар қалбига улуғ аждодларимизнинг юртга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат кўрсатиш каби юксак фазилатларини сингдириш билан ўтмоқда. – дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Ш.Болтаев. – Бироқ мен маданият ва санъатимизга, шу жумладан, соҳа ходимларига бунақа эътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатилганини ҳеч эслолмайман. “Бойсун баҳори” фольклор-этнографик фестивалимиз қайта тикланди. Жойларда бахшичилик саньатидан сабоқ берадиган мактаб ва синфлар ташкил этилди. Жорий йилда Алпомишлар юртида илк марта ўтказилган халқаро бахшичилик санъати фестивали дунё бахшиларини Термизга жамлади. Бугун фойдаланишга топширилган кўп қаватли турар жой биноси ҳам биз учун кутилмаганда ажойиб совға бўлди. Қатор йиллардан буён Термиз шаҳридаги Бахшичилик мактабига Бойсун туманидан қатнаб, дарс ўтаётган эдим. Менга ҳам вилоят марказидаги янги хизмат уйидан уч хонали хонадон ажратилганидан жуда суюндим.
Тадбирда янги хонадонлар эгаларига хизмат уйларининг калити тантанали топширилди. Дилрабо куй-қўшиқлар ижро этилди.