Байрам янги уйларда нишонланадиган бўлди
Юртимизда ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган барча шароит ва имкониятлар, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар кейинги пайтларда яхши самаралар бермоқда. Бу борада ҳарбий хизматчиларга янги хонадонлар топширилиши фикримизнинг ёрқин далилидир.
Мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллиги арафасида янги уйларга эга бўлаётган ҳарбийларнинг қувончи чексиз. Навоий шаҳрида 30 нафар ҳарбий хизматчиларга янги қурилган кўп қаватли уйлардан хонадонлар калити топширилди.
[gallery-13340]
Тадбирда Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари Фаррух Қодиров ва бошқалар сўзга чиқди.
– Йигирма икки йилдан буён шу соҳада ишлаб келмоқдаман, – дейди Бурҳон Хидиров. – Тўрт нафар фарзандим бор. Шу кунга қадар ижарада яшардик. Мана бугун ўз уйимизга эга бўлдик. Ипотека кредити асосида харид қилган уйимиз умумий қийматининг 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадали тўлаб берилди. Албатта, бу каби имконият Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида садоқат билан хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлашлардан бири, деб ҳисоблайман. Замонавий лойиҳалар асосида қурилган уйларда ҳарбий хизматчиларнинг турмуш кечириши учун барча қулайликлар мавжуд.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА.