Байрам дастурхони янада тўкин бўлади
Янги йил байрами яқинлашаётгани муносабати билан Фарғона вилояти шаҳар ва туманларида 20 та арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Уларда 200 та савдо расталари бўлиб, йигирма турдан ортиқ сифатли маҳсулотлар мақбул нархларда аҳолига тортиқ этилмоқда. Савдо расталарини тўлдириб турган сархил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, салқин ичимликлар, гўшт, гуруч, умуман, дастурхонимизга кўрк бағишлайдиган ноз-неъматлар сероблиги, нархининг мақбуллигини кўриб, кўзингиз қувнайди.
- Бу йил вилоятдаги 5 минг 832 та боғдорчилик-сабзавотчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан 1 миллион 818 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилгани бозорларимизда мўл-кўлчилик, арзончилик бўлишини таъминлаяпти, - дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими котибияти мудири Ғуломжон Бойпўлатов. - Шунингдек, «Даладан дастурхонгача» тамойили остида пойтахтдаги «Наврўз» деҳқон бозорида Фарғона вилояти миришкорлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркалари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Ҳозирги кунга қадар фарғоналик фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан 40 тонна ҳар хил турдаги мева маҳсулотлари, 22 тонна узум, 84 тонна картошка, 162 тонна сабзавот арзонлаштирилган нархларда етказиб берилди.

Бундан ташқари, чорвачилик ва паррандачилие, асаларичилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан белгиланган график асосида қорамол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти ва тухум маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда аҳолига узлуксиз етказиб берилмоқда. Бешариқ туманидаги «Водий наслли парранда» фермер хўжалиги томонидан мавсум бошидан буён узлуксиз тухум етказиб берилмоқда ва арзонлаштирилган савдо ярмаркасида 700-800 сўмдан сотилмоқда.

Ярмаркалардаги ўртача нарх 1 кг картошка 3500 сўм, сабзи 1800 сўм, пиёз 1500 сўм, мева-узум 8000-12000 сўм, мол гўшти 55000 сўм, қўй гўшти 58000 сўм, товуқ гўшти 21 минг сўм, тухум 1000 сўм, балиқ 25000 сўм ва гуруч 7000 сўмни ташкил этмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА