Байрам дастурхони “қимматга тушмасин”
Айни ёз пишиқчилик мавсуми: мева-чевалар, тарвуз-қовун пишган пайт. Эртага Муборак Қурбон ҳайити - деярли барча юртдошларимизнинг хонадонида байрам дастурхонлари ёзилади ва турли ноз-неъматлар билан ясатилади.
Мутахассислар айни ёз кунлари овқатдан заҳарланишдан эҳтиёт бўлиш лозимлигини, иссиқ кунларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кўп учрашини таъкидлашмоқда. Айниқса, болалар, 3 ойликдан 2 ёшгача бўлган чақалоқларга жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.
Овқатдан заҳарланиш – микроблар билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилинганда вужудга келадиган касаллик, – дейилади Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати жамоатчилик билан алоқалар бўлими тақдим этган маълумотда. Микроб тушиб кўпайган овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида ҳамда бемор организмига микробнинг ўзи ва унинг токсини таъсирида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилади.
Заҳарланиш кўпинча уриниб қолган, сифати бузилган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, айниқса, торт ва ширинликлар, балиқ ва товуқ гўштини истеъмол қилганда юзага келади. Стафилококлар сабаб бўлган ҳолларда инфекция манбаи одам ҳисобланади. Ангина ёки турли йирингли касалликлар: сачратқи, чипқон, хасмол ва бошқа йирингли яралари бўлган кишилардан микроб тайёр маҳсулотга ўтиб, тез кўпаяди. Уни билмай истеъмол қилган киши дарҳол заҳарланади.
Касалликнинг яширин даври 2-3 соатдан 3 кунгача. Касаллик тўсатдан кўнгил айниши ва қусиш билан бошланади, ич кетади, қоринда туташ оғриқ бўлади. Қисқа вақт ичида бемор организми сувсизланади, у ҳолсизланиб қолади. Юрак-томир тизими фаолияти бузилади. Айниқса, клостридиялар сабабли рўй берадиган заҳарланиш оғир кечади. Касалликка ташхис қўйиш учун беморнинг қусуқ массаси, меъдани чайилган суви стрилланган банкага йиғилиб лабораторияга юборилади. Заҳарланишга сабабчи, деб гумон қилинган овқат маҳсулотлари ҳам лабораторияда текширилади. Нажасдан Мюллер муҳити ва тузли эритмага экма олинади.
Текширишга олинган турли экмалардан бир хил микроб топилиши, ўша касаллик сабабчиси эканидан далолат беради. Касалликнинг 5-6-кунидан бошлаб бемор қони зардоби билан ажратиб олинган микроб культураси аралаштирилиб агглюцинация реакцияси қўйилади. Реакциянинг 1:40 нисбат ва ундан юқори суюлтиришда ижобий натижа бериши ушбу микроб касаллик сабабчиси эканидан дарак беради. Овқатдан бўладиган токсикинфекциялар ва интоксикацияларни овқатдан заҳарланишдан фарқ қила билиш керак.
Даво касалликнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлганида тез ёрдам сифатида меъдани 2 фоизли сода ёки нимранг калий перманганат эритмаси билан чайиш, тозалашдан иборат. Регидрон эритмасини ичириб туриш касаллик оғирлашишининг олдини олади. Оғирроқ ҳолларда дисоль, ацесоль, трисоль каби суюқликлар томир орқали томчилаб қўйилади. Зарурат бўлганида юрак-томир тизими фаолиятини яхшилайдиган дорилар юборилади.
Озиқ-овқат соҳасида ишлайдиган барча ходимлар санитария-эпидемиология хизмати томонидан белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари керак ҳамда санитария минимумини топширганликлари ҳақида гувоҳномалари бўлиши шарт.
Касалликнинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, эмизикли оналар гўдакни эмизишдан олдин қўли ва кўкрагини совунлаб ювиши керак. Ёз кунлари гўдаклар учун овқат фақат бир марта истеъмол қилишга етарли қилиб тайёрланиши лозим. Овқатга ишлатиладиган идишлар аввал ювилиб, сўнгра қайнатилиши, устига тоза дока ёпиб қўйилиши лозим. Рўзғорда ишлатиладиган тез бузиладиган маҳсулотлар совутгичда сақланишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Моҳигул Қосимова, ЎзА