Байрам дастурхонига тансиқ таомлар
Байрамлар арафасида мамлакатимиз бозорларида савдо ярмаркалари ташкил этиш яхши анъанага айланган. Баҳорнинг илк кунларида очилган шундай ярмаркалар Наврўз дастурхонига файз бағишламоқда.
Байрамлар арафасида мамлакатимиз бозорларида савдо ярмаркалари ташкил этиш яхши анъанага айланган. Баҳорнинг илк кунларида очилган шундай ярмаркалар Наврўз дастурхонига файз бағишламоқда.Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аграр тармоқда чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилгани самарасида мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик изчил ривожланмоқда. Ўтган йили юртимизда 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 230 корхона, 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Бу йил давомида аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш имконини бермоқда.
Бундай тўкинлик ва арзончилик пойтахтимизнинг “Эски жўва” деҳқон бозоридаги байрам ярмаркасида намоён. Унда юртимизда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар харидорларга тақдим этилаётир. “Самарқанд парранда”, “Янгийўл сут”, “Браибонти” масъулияти чекланган жамиятлари, “Тутзор-нон” хусусий фирмаси, “Тўхтаниёз ота” фермер хўжалиги каби етакчи ишлаб чиқарувчилар сархил маҳсулотлари билан бозор файзини янада оширмоқда.
– Мақсадимиз маҳсулотларимизни халқимизга арзон ва сифатли тарзда етказиб бериш, – дейди Чилонзор туманидаги “Браибонти” масъулияти чекланган жамияти вакили Алишер Каримов. – Замонавий технологиялар асосида тайёрланган ўн икки хилдаги макаронларимиз кўпчиликка манзур бўлаётгани боис савдомиз яхши.
– Бозорларимизда сархил мева-сабзавотларни арзон нархларда, саралаб харид қилиш имконияти мавжуд, – дейди шайхонтоҳурлик харидор Ҳожимурод Алимуҳамедов. – Байрам ярмаркасидан сут маҳсулотлари, мева-чева харид қилдим. Маҳсулотлар сифатли, нархи ҳам арзон. Буларнинг барчаси байрамнинг файзли ўтишига хизмат қилади.
Байрам ярмаркасидаги маҳсулотлар орасида сумалак ҳам борлиги кўпчиликнинг диққатини тормоқда.
– Биринчи мартдан буён эл дастурхонига сумалак тақдим этаётирмиз, – дейди хусусий тадбиркор Сирож Баҳронов. – Биласиз, сумалак тайёрлаш осон эмас. Яна кўп миқдорда. Бозор маъмурияти керакли шароитларни яратиб бергани боис, ишчиларимиз тотли сумалак тайёрлаб, аҳолига тақдим этмоқда. Ундирилган буғдой майсаларига ҳам харидор кўп.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳар деҳқон бозорларини тартибга солиш, санитария ҳолатини яхшилаш, асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархини барқарор сақлашни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар режаси асосида ташкил этилган ушбу ярмаркалар 5 апрелга қадар давом этади.