Байден конгрессдан 33 миллиард доллар сўради
АҚШ Президенти Жозеф Байден конгрессга Украинага қўшимча 33 миллиард доллар миқдорида ёрдам сўраб мурожаат қилди, — дея хабар беради Оқ уй маъмурияти.
“РИА Новости” хабар беришича, Қўшма Штатлар маъмурияти сўралган маблағнинг умумий қийматидан, тахминан, 20,4 миллиардини қўшимча ҳарбий ва хавфсизлик бўйича ёрдам учун ажратишни режалаштирмоқда.
Ушбу маблағ тўплами, жумладан, Украинага қўшимча артиллерия бирликлари, зирҳли техника, танкка қарши ва зенит қуролларини узлуксиз етказиб беришни таъминлаш учун мўлжалланган.
Бундан ташқари, пулларни кибер соҳа ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими имкониятини кенгайтириш, ўқ-дори ва стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, кенгайтирилган разведка ёрдами кўрсатишга йўналтириш таклиф этилади.
Байден конгрессдан яна 8,5 миллиард доллар иқтисодий ёрдам ҳам сўради. Бу сумма бизнесни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, дезинформация ва қарши тарғиботга йўналтирилади.
Шунингдек, маблағнинг бир қисми – 500 миллион доллари, Вашингтон фикрича, Украинадаги воқеалар туфайли жаҳон бозорида юзага келган узилиш шароитида маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга сарфланиши кўзда тутилган.