Байден америкаликларнинг энг асосий бурчини таъкидлади
АҚШ Президенти Жо Байден америкаликларнинг ягона, ҳақиқатдан ҳам муқаддас бўлган бурчини маълум қилди. У америкаликлар ўз аскарларини керакли даражада тайёрлаши, ҳарбийлар ва уларнинг оилалари ҳақида қайғуриши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Қўшма Штатлар душанбада Хотира кунини нишонлади. Жо Байдан Вашингтон яқинидаги Арлингтон қабристонида номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйди.
“Ҳар бир миллатда бўлгани каби бизнинг ҳам кўплаб бурчларимиз бор. Бироқ уларнинг фақат биттаси ҳақиқатан ҳам муқаддас саналади. У ҳам бўлса, жанг майдонига юбораётганларни етарлича тайёгарликдан ўтказиш, улар уйга қайтганларида ҳам, қайтмаганларида ҳам оилаларига ғамхўрлик қилиш”, – деди Байден хотира майдонида тўпланганлар қаршисида сўзга чиқиб.
“Бундан ҳам муҳимроқ, бундан ҳам муқаддасроқ, америкачароқ ҳеч нарса йўқ”, – дея қўшимча қилган у. Хабарда айтилишича, хотирлаш маросимида Президент билан бирга вице-президент Камала Харрис, мудофаа вазири Ллойд Остин ва қўмондонликлар бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли иштирок этган.