Бахтиёр Мустафаев: “Қайта ишлашни ривожлантириш Марказий Осиёда янги иш ўринларини яратиш имконини беради”
Бишкек шаҳрида “Юқори сифатли ривожланиш ва биргаликдаги модернизация” мавзусида VI “Хитой — Марказий Осиё” таҳлилий марказлар форуми бўлиб ўтди.
22-23 октябрь кунлари ўтказилган тадбир Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик ташаббуслар институти томонидан ташкил этилди.
Форум Хитой ва Марказий Осиёнинг беш давлатидаги етакчи таҳлилий ва тадқиқот марказлари вакилларини бирлаштирди. Ўзбекистон томонидан тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда Марказий Осиё халқаро институти экспертлари иштирок этди.
Иштирокчилар биргаликдаги модернизация, транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш ҳамда сунъий интеллектни жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди. Инсон капиталини мустаҳкамлаш ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Циркуляр иқтисодиёт масалаларига бағишланган сессиясида сўзга чиққан СМТИ директори ўринбосари Бахтиёр Мустафаев Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасида чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда ресурслардан такроран фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик учун мавжуд имкониятларни қайд этди. Унинг баҳолашича, қўшма қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш минтақанинг ўзида қўшилган қиймат ва янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Б.Мустафаев Ўзбекистонда бундай ҳамкорликни кенгайтириш учун барча зарур шароитлар шаклланиб бораётганини таъкидлади. Мамлакатда соҳага ихтисослашган агентлик ташкил этилган, чиқиндиларни бошқаришда хусусий сектор иштироки ортмоқда, чиқиндилардан энергия ишлаб чиқарувчи 11 та завод қуриш бўйича лойиҳалар портфели тайёрланмоқда. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишда Хитой технологик компаниялари асосий ҳамкорлар сифатида иштирок этмоқда.
Минтақавий истиқболларга тўхталиб, СМТИ директори ўринбосари Марказий Осиёда ҳар йили қарийб 25 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлишига эътибор қаратди. Шу билан бирга, миллий бозорлар ҳажмининг чекланганлиги ҳар бир мамлакатда мураккаб таркибли чиқиндиларнинг барча турларини қайта ишлашнинг тўлиқ циклини йўлга қўйишни қийинлаштирмоқда.
Бундай шароитда у трансчегаравий қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришни истиқболли ечим сифатида кўрсатди. Ушбу ёндашув минтақа мамлакатларида иккиламчи хомашёни йиғиш ва унга дастлабки ишлов беришни ихтисослашган технологик марказларда чуқур қайта ишлаш билан боғлашни назарда тутади. Б. Мустафаевнинг фикрича, Марказий Осиёнинг ресурс базасини Хитой технологиялари ва тажрибаси билан уйғунлаштириш ушбу кооперацияни кенгайтириш учун имкониятлар яратади.
Мазкур ҳамкорликни амалий ривожлантириш мақсадида СМТИ вакили учта устувор йўналишни белгилаб берди.
Биринчи — Марказий Осиё мамлакатларидан Хитойга стандартларга мос иккиламчи хомашё етказиб беришни кенгайтириш. Б.Мустафаевнинг изоҳлашича, бунда Хитой талабларига жавоб берадиган қайта ишланган материаллар назарда тутилмоқда. Минтақада электромобиллар, аккумуляторлар ва рақамли ускуналардан фойдаланиш кўламининг ортиши уларни қайта ишлаш қувватларини яратиш ҳамда олинадиган хомашёни сотишнинг барқарор каналларини йўлга қўйиш долзарблигини оширмоқда.
Иккинчи — қайта тикланувчи энергетика ускуналарини утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни ишга тушириш. СМТИ директори ўринбосарининг баҳолашича, қуёш ва шамол электр станцияларининг жадал қурилиши ускуналарни фойдаланиш муддати тугагач қайта ишлашга олдиндан тайёргарлик кўришни талаб этади. Хусусан, Хитой томонининг ҳамкорлиги билан хизмат муддатини ўтаб бўлган қуёш панелларидан кремний, кумуш ва полимерларни ажратиб олиш ҳамда уларни ишлаб чиқаришда такроран қўллашни йўлга қўйиш мумкин.
Учинчи — циркуляр иқтисодиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш учун қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш. Б.Мустафаев Ўзбекистон томонидан ушбу йўналишда тегишли магистратура дастури йўлга қўйилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — “Green University” ҳамкор бўлиши мумкинлигини қайд этди. У мутахассислар тайёрлаш янги корхоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш ва мазкур соҳада узоқ муддатли ҳамкорлик учун асос яратиш имконини беришини таъкидлади.
ЎзА