Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман
Зулфияхоним ижодига мансуб шеър ўқилмоқда. Гўзал ва латиф мисралар оҳанграбоси кўнгилларни сел этади:
Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,
Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,
Бахтим шул – Ўзбекнинг Зулфиясиман.
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида севги, садоқат тимсоли, Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним таваллуд кунига бағишлаб ўтказилган “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман” деб номланган адабий тадбир иштирокчилари ҳар бир инсон қалбининг туб-тубига етиб борадиган, ҳар қандай кўнгилни сел қиладиган улуғ шоира шеърлари сеҳридан сармаст бўлди. Саҳна тўрида эса шоиранинг улкан портрети турибди.
Ўзбекнинг улуғ шоираси портретига беихтиёр тикилар экансиз: силлиқ таралиб, оддий турмакланган сочлар, самимий, ортиқча пардозсиз чеҳра, ўзларига жуда ярашиқли, шу билан бирга, сипо либослар... Назаримизда ана шу бетакрор суратнинг ўзиёқ Зулфияхонимнинг абадиятга муҳрланганлигини кўрсатади. Ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда Зулфияхоним ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбирда сўз олганлар томонидан Зулфиянинг ибратли ҳаёти, серқирра фаолияти, бетакрор ижоди, шоира ҳақидаги барча хотиралар шоиранинг қалби, кўнгли, сўзлари, ҳар бир қадами ўзи туғилган, ўзи табаррук билган, ўзи севган тупроқ, шу ерда яшаган инсонлар билан чамбарчас боғлиқ эканлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-5944]
– Зулфияхоним шеъриятидаги оддийлик, ҳаётсеварлик ҳам айнан халқимиз руҳиятидан андозадир, – дейди Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Муҳайё Ашурова. – Шоиранинг ҳар бир шеъри, ҳар бир сатрида халқимизга, фақат халқимизга хос фазилатлар гўзал ва ўзига хос сатрлар орқали бўртиб кўринади. Энг муҳими, ушбу сатрлар инсонни эзгуликка, меҳр-муҳаббатга, юртни ардоқлашга ундайди.
Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан Зулфияхоним ҳаёти, ибратли фаолияти билан боғлиқ саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шоира шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар тараннуми, шоира ижодидан ўқилган намуналар, унга атаб ёзилган шеърлар барчага манзур бўлди.
– Аёл қалби, вафо ва садоқат, баҳор куйчиси бўлиб танилган, ўзбек шеъриятида тонг юлдузи каби чақнаган, ўзининг гўзал, дилга яқин шеърлари билан мухлислари қалбидан мустаҳкам жой олган шоиранинг ҳаёти ва ижоди ўзбек ёшларига асрлар оша ибрат бўлиб қолади, – дейди Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчиси Райёна Асронбоева. – Биз, айниқса, ижодкор ёшлар ҳаётда, ижодда ҳамиша улуғ шоирамиздан ибрат олиб яшашга интиламиз.
Ўзбекистон халқ шоираси Зулфиянинг таваллуд кунига бағишлаб ўтказилаётган бу каби тадбирлар Андижон вилоятидаги барча таълим муассасаларида бўлиб ўтди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА