“Бахт уйи”ни қурмай туриб, барбод қилаётганлар
«...Шокир билан Нодира синфдош.
Улар болаликдан бир-бирларига кўнгил қўйишди. Ота-оналари ҳам ёшларнинг бахтини кўзлаб, унаштиришди. Битирув кечасининг эртасига икки ёш никоҳдан ўтишди. Шокир куёв бўлганига, Нодира эса оқ либос кийганига хурсанд эди. Аммо бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Касб-ҳунарсиз куёв келинга, уқувсиз келин эса куёвга ёқмай қолди. Қудаларнинг “деди-деди”лари келишмовчиликларни катталаштириб юборди. Охир-оқибат уларнинг бахт уйи беш ойдаёқ қулади...”
Хўш, энди Нодиранинг аччиқ кўз ёшлари келажагини ўзгартира оладими? Иккита ғўр ёшнинг тақдирини шошма-шошарлик билан боғлаган ота-оналарнинг виждони қийналмайдими?
Шокир ва Нодирага ўхшаган тақдир эгалари орамизда кўплиги ва биз уларнинг бахтсизлигига томошабин бўлиб яшаётганимизни биламизми? Бу борада масъуллар қандай ишларни олиб боришяпди? Саволларимиз кўп, жавоблар-чи?
«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти жорий йилнинг февраль ойида эрта никоҳ ва эрта туғуруқ сабабларини аниқлаш бўйича ўтказган социологик тадқиқот натижаларига кўра, эрта никоҳ ва эрта туғуруқ ҳолатлари энг кўп қайд этилаётган ҳудудлар – Самарқанд вилоятининг Ургут ва Самарқанд туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри деб топилган. Унда эрта турмуш қурган ва эрта туғуруқни бошидан кечирган 250 нафар ўсмир қиз ва ёш келинлар иштирок этган.
Натижаларга кўра, эрта турмушга чиққан келинларнинг 70 фоизи эрта никоҳнинг асосий сабабчиси сифатида ота-она ва оила аъзоларини кўрсатган.
26 фоиз иштирокчи эрта турмуш қурганини севги-муҳаббат билан изоҳлаган. 3,4 фоизи бу ҳомила билан боғлиқ бўлганини, 1,5 фоизи эса ёш эрга тегишига диний қарашлари сабаб бўлганини билдирган.
«Эрта турмуш қуриш оқибатида 38,2 фоиз ўсмир қизнинг соғлиғи, 22,9 фоизида ота-онаси ва бошқа оила аъзолари билан муносабатлар ёмонлашган.25,2 фоизи иқтисодий қийинчиликларга дуч келган.
Тадқиқотларга кўра, гарчи Самарқанд бу борада пешқадам бўлсада, аммо бошқа вилоятлар ҳам ортда қолаётгани йўқ. Масалан, Фарғона вилоятида ҳам эрта никоҳ масаласи бўйича муаммолар етарли. Айрим ота-оналар ҳаттоки мактабни битирмаган фарзандини унаштириб қўйиш холатларини кузатиш мумкин. Яқинда водийга қилган хизмат сафаримиз чоғида айнан эрта тумуш билан боғлиқ кўплаб муаммоли вазиятларга дуч келдик.
Мактаб ёшидаги қизларнинг унаштирилиши билан боғлиқ масалалар ҳақида ота-оналарни саволга тутганимизда, “Қиз меники, истаган пайтим турмушга узатаман, агар мактабни битиргунча узатмасам, кейин ўтириб қолган деб ҳеч ким олмайди”, деган фикрларни эшитдик. Ота-оналардаги бу фикр балоғат ёшидаги қизларнинг ўзига бўлган ишончини янада пасайтиради. Яъни эрта турмушга чиқмасам, оиласиз қолиб кетаман, деган қўрқув уларга тинчлик бермайди.
Хўш, ёшлар ўртасида эрта никоҳ ҳолатлари қайд этилишининг олдини олиш борасида ФҲДЁ органлари ходимлари қандай ишларни амалга оширмоқда?
– ФҲДЁда экстерриториал деган термин бор,– дейди Тошкент шаҳри, Учтепа тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Нозима Абдусаломова. – Бу термин лотинчада худуддан ташқарида деган маънони англатади. Экстерриториал жараёнга ўтиш 2019 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши билан бошланиб, шу йилнинг ўзидаёқ аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида илк қадамлар ташланди. Қарорга кўра, фуқаролар доимий яшаш жойидан қатъий назар ўзига яқин бўлган ҳудуддаги ФҲДЁ органига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шу сабаб бизга кўпинча 17 ёшдаги йигит-қизларнинг ота-оналари никоҳ масаласи бўйича мурожаат қилишади. Биз уларга 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши (18 ёш) тенглаштирилганини, фақат туман(шаҳар) ҳокими никоҳ ёшини 1 йилга камайтиришга рухсат берган ҳолатлардагина никоҳлар ФҲДЁ бўлимларида қайд этилиши мумкинлигини тушунтирамиз. Чунки фуқаролар ўртасидаги ажримлар ҳам айнан эрта никоҳ қурганлар ўртасида кузатилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир инсон ўз бахтини ўз қўли билан яратиши керак. На ота-онаси, на қариндош-уруғлари босим ўтказмаслиги, салбий бидъатларни ёшлар онгига сингдирмаслиги зарур. Тўғри танлов асосига қурилган оила пойдевори эса ҳамиша мустаҳкам бўлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА