Бахт бешиги – соф ва самимий орзу-умидлар камол топадиган муқаддас маскан
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, журналист Муҳаббатой Раҳмонберди қизининг “Бахт бешиги” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда шоир ва ёзувчилар, таржимон ва журналистлар, ёш қаламкашлар ва адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ижод оламида ўзининг овози, ўз услуби билан кириб келаётган ижодкор Муҳаббатой Раҳмонберди қизининг эл назарига тушиб келаётган ҳикоялари ва очерклари ҳақида фикр билдирди.

“Бахт бешиги” номли тўпламдан жой олган очерклар қаҳрамонларининг сеҳрли олами ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Бу очеркларда муаллиф ўз атрофидаги кўрган-кечирганларини қоғозга тушириб, китобхонларга ҳавола этган. Тўрт бўлимдан иборат бўлган ушбу туркум орқали у юрт хизматига меҳнати сингган инсонлар ҳақида меҳр билан ҳикоя қилади.

Бахт бешиги бу инсоннинг энг соф ва самимий орзу-умидлари камол топадиган муқаддас маскандир. У ўз бағрига оилавий хотиржамлик, қалб гўзаллиги ва туганмас меҳр-муҳаббатни жо этган сирли оламга ўхшайди. Бу бешикнинг нақшлари сабр ва шукроналикдан, таянчи эса содиқликдан яратилган. Унда тебранган ҳар бир мурғак қалб ҳаётнинг гўзал лаҳзаларидан завқланишни ва эзгуликка интилишни ўрганади.

Шу сабабли, бахт бешиги инсонга дунёнинг барча ташвишларини унуттирувчи, фақатгина илиқлик ва нур таратувчи ҳақиқий саодат тимсолидир. Муҳаббатой Раҳмонберди қизининг тақдимоти бўлиб ўтган китобида айни жиҳатлар ўзининг самимий ифодасини топгани билан диққатга сазовор.

Тақдимот тадбирида янги китобнинг мазмуни, муаллифнинг ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА