Бахши ҳарбий оркестр билан куйлади
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида кенг қамровли “Ёшлар фестивали” ўтказилди.
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан ташкил этилган фестиваль доирасидаги турли спорт мусобақалари ва интеллектуал ўйинлар, ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар кўргазмасида минглаб ургутлик ёшлар иштирок этди.


Айниқса, қўмондон кубоги учун миллий кураш ва тош кўтариш бўйича ўтказилган мусобақаларда энг эпчил ва чаққон ёшлар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.


Фестиваль доирасида ҳарбий оркестр жамоасининг концерт дастури ҳам намойиш этилди. Оркестр жамоаси билан бирга муддатли ҳарбий хизматчиларнинг чиқишлари ҳам тадбир иштирокчиларига манзур бўлди.

Хусусан, бахшининг оркестр билан жўрликда ижро этган терма ва достонлари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА