Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ва иқтисодий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, сўнгги йилларда бу борадаги тизимли ишлар Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам қатъий ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда амалга оширилаётир.
2022 йил 7 март куни Президентимиз томонидан имзоланган ПФ–87-сонли “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармон мазкур йўналишдаги сиёсий ироданинг ёрқин ифодаси бўлди. Унда аёлларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, улар учун касбий ўқувлар ташкил этиш ва ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир аниқ вазифалар белгиланган.
Мазкур фармон ижроси доирасида ҳозирда Бахмал туманида хотин-қизлар учун амалга оширилаётган ишлар туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида сезиларли ўзгаришлар ясамоқда. Жумладан, Қутлуғобод, Файзобод ва Дўстлик маҳаллаларида вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ташаббуси билан ташкил этилган 36 соатлик “Тадбиркорлик компетенсияларини шакллантириш” ўқув курслари бунинг яққол далилидир.

Курслар тумандаги ишсиз ва тадбиркорлик фаолиятига қизиқиши бор аёллар учун янги имконият эшикларини очмоқда. Улар бизнес-режа тузиш, бозор муҳитини таҳлил қилиш, молиявий саводхонлик, рақобатбардош маҳсулот яратиш каби муҳим кўникмаларни эгаллашмоқда. Таълим жараёнида назарий билимлар амалиёт билан уйғунлаштирилган ҳолда ўқитилаётгани эса курс самарадорлигини янада оширмоқда.
Фаол иштирокчилардан бири — Бахмал туманида истиқомат қилувчи Фарангиз Мухаммадиева бу ҳақда шундай дейди: — Бу курс менга ўз орзуларим сари дадил юришга ишонч берди. Орзуларим орзулигича қолиб кетиб, армонга айланмай, балки ҳақиқатга айланди. Энди мени ўз билим ва кўникмаларимни ҳаётга татбиқ этадиган, юртига, банд бўлмаган фуқароларга манфаат етказадиган тадбиркор аёл сифатида танишади.

Бундай ташаббуслар нафақат хотин-қизларнинг шахсий тараққиёти, балки маҳаллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ижтимоий барқарорликка ҳам ҳисса қўшмоқда. Янги иш ўринлари, аҳоли бандлигининг ошиши, аёлларнинг фаоллашуви – буларнинг барчаси 36 соатлик курсларнинг кенг қамровли ижтимоий аҳамиятидан далолат беради.
Айнан шундай амалий лойиҳалар орқали давлатимиз раҳбарининг “Ҳар бир аёл – тадбиркор, ҳар бир оила – фаровон ҳаёт” деган сўзлари ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Зеро, Бахмалда тадбиркорлик сари юзланган аёллар ўз орзуларига йўл топди. Улар тадбиркорликни фақат даромад манбаи эмас, балки ўзлигини намоён қилиш, орзу ва мақсадларини рўёбга чиқариш, жамиятда муносиб ўрин эгаллаш воситаси сифатида қабул қилишмоқда.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири