Барқарор келажак сари глобал иқлим мулоқоти
Остона шаҳрида ўтказилаётган минтақавий экологик саммит доирасида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК)нинг “Глобал иқлим ўзгариши ва ОҲИЧК минтақасида барқарор ривожланиш” мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда минтақа давлатлари ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Унинг асосий мақсади ортиб бораётган иқлимий хатарлар шароитида минтақавий мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Йиғилиш иштирокчилари иқлим ўзгариши, сув ресурсларини бошқариш, атроф-муҳит ифлосланишига қарши кураш ҳамда биохилма-хилликни сақлаш каби долзарб экологик муаммоларни муҳокама қилди. Шунингдек, миллий тажриба алмашиш, келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ОҲИЧКнинг экологик йўналишида мувофиқлаштиришни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази директори Фаррух Сатторов сўзга чиқди.

У ўз нутқида иқлим ўзгариши мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳага аллақачон бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳароратнинг ошиши ва ерларнинг деградацияси каби иқлимий хатарлар кучайиб бормоқда.
Жавоб чоралари сифатида мамлакат ўз мажбуриятларини янада кучайтирган. Жумладан, 2035 йилга бориб 2010 йил даражасига нисбатан ялпи ички маҳсулотнинг углерод сиғимини 50 фоизга камайтириш мақсади қўйилган. Бу мақсадга эришиш учун катта ҳажмдаги молиявий ресурслар талаб этилади — чиқиндиларни камайтириш учун тахминан 33,7 миллиард доллар, мослашиш чоралари учун эса 15,7 миллиард доллар зарур.

Асосий устувор йўналишлар сифатида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, экотизимларни тиклаш ва иқлим сиёсатида иқтисодий ривожланишни интеграция қилиш белгиланган. Хусусан, 2030 йилга келиб “яшил” энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, Париж келишуви доирасида белгиланган мақсадларга эришиш учун жаҳон миқёсидаги саъй-ҳаракатлар ҳозирча етарли эмаслиги, бу ҳолат COP29 натижаларида ҳам ўз аксини топгани қайд этилди. Шу муносабат билан ОҲИЧК доирасида минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Якун сифатида Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни кенгайтириш ва минтақада амалий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА