Барқарор энергия таъминоти кафолатланмоқда
Янгийўл туманида аҳоли ва истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр ва газ тармоқларининг ишончлилигини ошириш ҳамда эҳтимолий авария ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мавсумга тайёргарлик жараёнларини мувофиқлаштириш мақсадида махсус штаб ташкил этилиб, тумандаги 51 та маҳалланинг барчасида электр ва газ таъминоти ҳолати ўрганилди. Аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида ўтказилган хатловлар натижасида 273 та муаммо аниқланиб, уларнинг 269 таси бартараф этилди.
Электр тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида 346 километрдан ортиқ тармоқда жорий ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, 13 та янги трансформатор пункти ва 332 та таянч устуни ўрнатилди. Тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш мақсадида электр узатиш линияларига тегиб турган дарахт шохлари кесилиб, 447,9 километр тармоқ тозаланди. Юкламаси юқори бўлган 213,7 километр тармоқда фазалараро юкламалар қайта тақсимланди.

Табиий газ таъминоти тизимида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 43 та газ тақсимлаш пункти модернизация қилиниб, 62 таси оптималлаштирилди. 3,6 километр газ тармоғи реконструкция қилиниб, 27,4 километр тармоқ тартибга келтирилди. Шунингдек, 283,8 километр ер ости газ тармоғи хатловдан ўтказилди.
Кўп қаватли уй-жойларнинг электр, газ ва иситиш тизимлари техник диагностикадан ўтказилиб, аниқланган носозликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Энергия таъминотида қийинчиликка дуч келаётган эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 5 та хонадонда 309 миллион сўм маблағ ҳисобидан «яшил таъмирлаш» ишлари амалга оширилди.
Истеъмол маданиятини ошириш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, тўлов интизомини мустаҳкамлаш борасида ҳам амалий чоралар кўрилмоқда. Натижада электр энергияси бўйича 7,63 миллиард сўм, табиий газ бўйича 2,176 миллиард сўм қарздорлик ундирилди. Шу билан бирга, 1,885 миллиард сўмлик нореал электр қарздорлиги қисқартирилди.

Энергия истеъмоли юқори бўлган корхоналарда энергетик аудитлар ўтказилиб, ижтимоий соҳа объектларини энергия тежамкор ускуналар билан таъминлаш ишлари давом эттирилмоқда. Юкламаси юқори ва мураккаб участкалардаги ишларни жадаллаштириш мақсадида қўшимча бригадалар жалб этилмоқда.
Шу муносабат билан Энергетика вазири Шерзод Ходжаев Янгийўл туманида бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ташриф давомида электр ва газ тармоқларининг мавсумга тайёргарлик ҳолати, муаммоли участкалар ҳамда аҳоли мурожаатларининг ижроси кўздан кечирилди.
Масъулларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган ишларни сифатли ва ўз вақтида якунлаш, куз-қиш мавсуми давомида электр ва газ таъминотида узилишларнинг олдини олиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Хусусан, мавсумга тайёргарликнинг самарадорлиги нафақат тармоқларнинг техник ҳолати, балки муаммоларни олдиндан аниқлаш, уларни ўз вақтида бартараф этиш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш билан ҳам белгиланди.
А.Мусаев,ЎзА