Барқарор энергетика тизими қандай шакллантирилади?
Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, энергия соҳасида экологик барқарорликни таъминлаш ва кам углеродли ривожланиш моделларини кенг жорий этиш бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти диққат-марказидаги масалалардан бири. Шу боис, мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш, замонавий технологияларни ўрганиш ҳамда энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни шу мақсадларга қаратилган халқаро ўқув-семинарлар Хитойда ташкил этилди. Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги кўмагида ҳамда Хитой нефть университети (Пекин) ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари мутахассислари ҳам иштирок этди.

Ўқув дастурлари доирасида энергетика соҳасини трансформация қилиш, иқлим ўзгариши шароитида энергия хавфсизлигини таъминлаш, экологик барқарор ривожланишга хизмат қилувчи технологиялар ҳамда халқаро ҳамкорлик механизмлари муҳокама қилинди. Шунингдек, углерод чиқиндиларини қисқартириш, қайта тикланувчи энергия қувватларини ошириш ва энергия самарадорлигини таъминлаш бўйича халқаро тажрибалар тақдим этилди.
Тадбирларда Осиё, Африка, Европа ҳамда Тинч океани минтақасидаги мамлакатлар вакиллари қатнашиб, барқарор энергетика йўлидаги ёндашувлар ва амалий тажрибалар юзасидан фикр алмашди.
Пекин шаҳрида ташкил этилган “2-Энергетик инновациялар конференцияси -2026” халқаро анжумани ҳам соҳа мутахассислари учун муҳим мулоқот майдонига айланди. Унда юзлаб олимлар, экспертлар ва саноат вакиллари иштирок этиб, энергетика соҳасида инновацияларни кенг жорий қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Анжуманда қатнашган Энергетика вазирлигининг Электр энергиясини ишлаб чиқариш бўлими бош мутахассиси Саидкомил Саидмуродов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, “яшил” энергетика йўналишидаги лойиҳалар ҳамда соҳадаги янгиланиш жараёнлари ҳақида маълумот берди.
–Барқарор энергетика тизимини шакллантириш учун қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва соҳага инновацион ечимларни татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. Халқаро тажриба ва илғор ёндашувларни ўрганиш эса бу жараёнларни янада самарали ташкил қилиш имконини беради. Ташкил этилган ушбу тадбир шу жиҳатдан муҳим, – деди С.Саидмуродов.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, бу каби халқаро мулоқотлар энергетика соҳасида замонавий билим ва тажрибаларни ўзлаштириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА