Баркамол фарзанд соғлом муҳитда вояга етади
Юртимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Қонунчиликка кўра, зўравонлик ҳолати алоҳида жиноят сифатида эътироф этилиб, унинг учун маълум бир жазо белгилаб қўйилган.
2023 йил 11 апрелда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонун қабул қилинди. Натижада Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга оиладаги зўравонлик турлари бўйича жавобгарлик белгиланди. Мазкур қонун билан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга муддатидан илгари жазодан шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилди.
Маълумотларга кўра, 2023 йилда юртимизда оиладаги зўравонлик бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ бир қатор фуқаролар жавобгарликка тортилган. Айримлари қамалган бўлса, қолганлари маъмурий жавобгарликка тортилган. Навоий вилоятида ҳам 2024 йилнинг биринчи чорагида 11 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Ота-она бўлиш ҳар бир инсонга чексиз бахт, умид ва ишонч олиб келади. Шу билан бирга, улар зиммасига юксак масъулият ҳам юклайди. Лекин бугунги кунда ҳамма ота-она ҳам ўз зиммасидаги вазифаларни тўлиқ амалга оширяпти, деб бўлмайди. Давлатимиз томонидан бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш зарурлиги қайта-қайта таъкидланишига, бу борада бир қатор чора-тадбирлар белгиланишига қарамай, ота-она деган муқаддас номга доғ тушираётганлар, уни суиистеъмол қилаётганлар, афсуски, орамизда бор.
Мамлакатимиз қонунчилигида, жумладан, Оила кодексининг 79-моддасида вояга етмаган ёки вояга етган, аммо меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши, Жиноят кодексининг 122-моддасида меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун ота ёки онага жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жумладан, Навоий шаҳар прокурорининг фуқаро С.И.га нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатган фуқаролик ишини мазмунан кўриб чиққанимизда, бу шахс томонидан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари қўпол равишда бузиб келинганлиги маълум бўлди. Фуқаро бир неча марта огоҳлантирилишига қарамай, оналик мажбуриятларини бажармаган. Ўзи ҳеч қаерда ишламай, уч ярим яшар фарзандини қўшниларига ташлаб, ҳафталаб келмаган, уйига мунтазам маиший бузуқ шахсларни олиб келиб, бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатган. Мазкур ҳолатлар юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари, манфаатдор шахс сифатида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг берган хулосаси асос қилиниб, суд прокурор даъвосини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқарган.
Шу ўринда юқоридаги фуқаролик суд ишига сабаб бўлган омил нима, наҳотки фуқаро уларни ўз вақтида англаб етмаган?, деган савол туғилади. Ачинарлиси, кўпчилик ҳолларда аксарият ота-оналар ўз зиммаларидаги мажбуриятларни яхши англасалар-да, унга амал қилмаслиги оқибатида уларга нисбатан қонуний жавобгарлик белгиланмоқда.
Яна бир ҳолатга эътибор қаратмоқчиман. Она Г.М. ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш оқибатида бир неча марта маҳалла вакиллари, таълим муассасасининг огоҳлантиришига қарамай, болаларининг манфаатларига зид равишда уларни мактабга ўқишга юбориш ўрнига кўчада, бозорда тиланчилик қилишга ундаган. Натижада болаларининг кўчада оч-наҳор, юпун ҳолатда юришларига, баъзан йўлакларда қаровсиз ҳолда ухлаб қолишига сабабчи бўлган. Ушбу ҳолатлар иш материаллари асосида исботланиб, болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан судга берилган даъво аризаси қаноатлантирилган.
Бундай ҳолларда ота-онанинг муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлгани тегишли тиббиёт муассасасининг хулосаси билан тасдиқланган бўлиши керак. Судларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар кўрилишида даъвони ким қўзғатганидан қатъи назар, Оила кодексининг 80-моддасида белгиланганидек, прокурор, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органи иштирок этиши шарт.
Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишларни кўришда суд ота-онадан (уларнинг биридан) боланинг таъминоти учун алимент ундириш масаласини ҳал қилади. Ота-оналик ҳуқуқининг чекланиши ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.
Ҳар бир шахс ота-оналик муқаддас туйғу, болалар эса ҳаётнинг буюк неъмати эканини унутмаслиги, бу нафақат юксак инсоний масъулият, балки Конституцияда белгиланган бурчи экани, унга риоя қилишга мажбурлигини теран ҳис қилиши шарт. Баркамол фарзанд эса соғлом оилавий муҳитда вояга етади.
Гулнафис Худойбердиева,
Навоий вилоят суди судьяси
ЎзА