“Барчаси инсон қадри учун”
Жиззах давлат педагогика университети ташаббуси билан Жиззах шаҳридаги 32-сонли ёрдамчи мактаб-интернатида “Барчаси инсон қадри учун” хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбир мактаб-интернат тарбияланувчиларининг ижодий ишларидан ташкил топган кўргазма билан бошланди.
Мазкур ёрдамчи мактаб-интренатида 261 нафар ақлан ва жисмонан нуқсонли болалар таълим-тарбия олмоқда. Бу ерда тарбияланаётган ҳар бир бола қайсидир касб-ҳунарга йўналтирилган.
– Улар имконияти чекланган, аммо истеъдодли, – дейди ЖДПУ ректори, профессор Ш.Шарипов – Шу боис болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Жиззах давлат педагогика университетида уларнинг ижодий ишларидан иборат савдо ярмаркасини ташкил этишни режалаштирдик. Ўйлайманки, бу кўргазма болаларга катта рағбат бўлади. Мақсад, болажонларнинг истеъдодларини юзага чиқаришдир.
[gallery-9834]
– Бир неча йилдан буён мана шу болалар билан бирга, уларнинг дарду ташвишлари, муаммолари, қувончу ютуқлари билан ҳамнафас яшайман, – дейди мактаб-интернат директори ўринбосари Дилфуза Умарова. – Энг қийин лаҳзаларда ҳам яхшиларнинг муруввати, ёрдами ана шу кўнгли нозик болаларга умид ва ишонч бағишлайди. Бугунги тадбирдан болажонларимизнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Кўнгли ўксик инсонлар, айниқса болаларнинг қалбига қувонч улашишдан, ҳаётни севишга ўргатишдан улуғроқ иш йўқ.
Хайрия тадбири мусиқий кечага уланиб кетди. Университет бадиий жамоасининг куй-қўшиқлари меҳр-мурувватга муҳтож болалар қалбига шодлик ҳадя этди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА