Барчани бирлаштирадиган энг улуғ туйғу — Ватанга муҳаббат
Ўзбекистон — турли миллат ва элат вакиллари учун умумий уй, умумий тақдир ва умумий келажак маскани. Бу заминда асрлар давомида турли халқлар вакиллари ёнма-ён яшаб, бир-бирининг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиб келган. Бугун эса миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликнинг энг мустаҳкам таянчларидан бирига айланган.
Давлат раҳбари ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бундай эзгу сиёсатнинг моҳияти бир ҳақиқатда мужассам: миллати, тили ва маданияти турлича бўлган инсонларни ягона Ватан ва ягона мақсад бирлаштиради.
Ана шу юксак ғоя Бухоро шаҳридаги ННТ ва Дўстлик уйида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда яна бир бор намоён бўлди. Тадбир “Бир Ватан — бир тақдир!” шиори остида ташкил этилди.
Унда “Адолат» социал-демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов, шунингдек, вилоятда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раҳбарлари иштирок этишди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда қарор топган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити, турли миллат вакилларининг жамият ҳаётидаги фаол иштироки ҳақида фикр алмашилди.
Айниқса, ҳар бир миллатнинг ўз она тили, миллий маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун яратилаётган имкониятлар алоҳида эътироф этилди.

Зеро, миллатлар ранг-баранглиги — жамиятнинг бойлиги. Турли тилларда янграётган сўзлар, турфа миллий анъаналар, ранг-баранг маданият ва санъат намуналари ягона Ватан бағрида бир-бирини бойитиб, халқимизнинг умумий маънавий хазинасини янада юксалтирмоқда.
— Бугун юртимизда турли миллат ва элат вакиллари ягона Ватан равнақига дахлдорлик туйғуси билан яшаб, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этмоқда, —дейди Мақсуд Ҳамидов. — Миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш мамлакатимиз тараққиётининг муҳим омилларидан биридир. Бундай юксак қадриятларни ёш авлодга етказиш эса барчамизнинг муҳим вазифамиздир.
Дарҳақиқат, тинчлик бор жойда тараққиёт, ҳамжиҳатлик бор жойда барака бўлади. Инсонлар бир-бирини миллатидан эмас, аввало, инсонлигидан келиб чиқиб қадрлаган жамиятда ишонч ва ҳамкорлик мустаҳкам қарор топади.

Давра суҳбатида миллий-маданий марказлар вакиллари ҳам сўзга чиқишиб, Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг ўз она тили, маданияти ва миллий анъаналарини ривожлантириши учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолашди.
— Ўзбекистонда турли миллат вакиллари учун яратилган шароитлар бизга ўз миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш имконини бермоқда, —дейди рус миллий маданий маркази раҳбари Наталая Чопанашвили. — Энг муҳими, барчамизни бирлаштириб турадиган умумий қадрият — бу ягона Ватанимизга бўлган муҳаббатдир.
Аслида, ана шу сўзларда бугунги Ўзбекистоннинг ўзига хос қиёфаси мужассам. Инсон ўз тилида сўзлаши, ўз маданиятини асраши, миллий анъаналарини давом эттириши мумкин. Аммо барчани бирлаштирадиган энг улуғ туйғу — Ватанга муҳаббатдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири