Барча шарт-шароитлар яратилган
Жорий йилнинг 21-25 октябрь кунлари Асосий фан олимпиаданинг иккинчи – туман (шаҳар) босқичлари ўтказилди. Унда Бухоро вилоят бўйича 15 та фан йўналишида жами 25 мингга яқин умумтаълим, ихтисослаштирилган ва хусусий мактабларнинг 9-11-синф ўқувчилари ҳамда касб-ҳунар мактабларининг 1-2-босқич талабалари қатнашди.
Мазкур босқичда ғолибликни қўлга киритган 1510 нафар ўқувчи ҳамда Бухоро шаҳридаги Президент мактаби ва вилоятдаги 5 та Академик лицейдан 272 нафар, шунингдек, ўтган ўқув йилида олимпиаданинг вилоят босқичида 9- 10-синфлар бўйича иштирок этиб, 1-ўринни эгаллаган 28 нафар, жами 1807 нафар ўқувчи вилоят босқичида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди.

Асосий олимпиаданинг вилоят босқичи 2024 йил 25 ноябрдан 4 декабрь кунига қадар белгиланган жадвал асосида Когон туман ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ўтказилади.
– Олимпиада жараёнларини шаффоф, адолатли ва холисона ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Азиза Рустамова. –Олимпиада ўтказиладиган аудиториялар ва ҳакамлар ҳайъати, ташкилий қўмита хоналарида видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Шунингдек, ота-оналар учун кутиш заллари ташкил этилган.

Ўқувчиларнинг ишларини белгиланган мезонлар асосида баҳолаш учун вилоятдаги олий таълим муассасалари, ихтисослашган, хусусий мактаблар ҳамда Навоий вилоятидан жами 100 нафарга яқин малакали ва тажрибали ҳакамлар жалб қилинди.
Ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда олимпиада жараёнларини юқори савияда ўтказиш мақсадида вилоят ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири