Банклардаги муаммоли кредитлар ҳажми 23 триллион сўмга яқинлашди
Ўзбекистон банк тизимида муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми ўсишда давом этмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра банклардаги муаммоли кредитлар ҳажми 22,9 триллион сўмга етди. Бу йил бошидаги 18,1 триллион сўмга нисбатан 27 фоизга кўп.
Қайд этилишича, кредит портфели ўсиши табиий жараён бўлса-да, муаммоли кредитлар ўсиш суръатининг ундан анча юқори бўлиши банк тизими учун эътибор талаб қиладиган ҳолат ҳисобланади. Чунки ярим йил давомида жами кредит портфели 604 триллион сўмдан 643 триллион сўмгача, яъни 6,4 фоизга ошган бўлса, муаммоли кредитлар қарийб тўрт баравар тез — 27 фоизга ўсган.
Шу билан бирга, умумий кредит портфелида муаммоли кредитлар улуши ҳам кўпайган. Агар йил бошида мазкур кўрсаткич 2,99 фоизни ташкил этган бўлса, ярим йил якунига келиб у 3,57 фоизга етди.
Таҳлилларга кўра, муаммоли кредитларнинг асосий қисми давлат улушига эга тижорат банклари ҳиссасига тўғри келмоқда. Улардаги NPL ҳажми олти ой ичида 12,8 триллион сўмдан 16,4 триллион сўмгача ошди. Бу эса мамлакат банк тизимидаги жами муаммоли кредитларнинг қарийб 72 фоизи айнан давлат банкларида жамланганини кўрсатади.
Натижада давлат банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,17 фоиздан 3,89 фоизгача кўтарилди. Хусусий ва хорижий капитал иштирокидаги банкларда эса вазият нисбатан барқарор бўлиб, NPL улуши 2,62 фоиздан 2,95 фоизгача ошган.
Ярим йиллик натижаларга кўра, нисбий кўрсаткич бўйича энг катта ўсиш TBC Bankда кузатилди. Банкнинг муаммоли кредитлар улуши 5,71 фоиздан 12,12 фоизгача ошиб, тизимдаги энг юқори кўрсаткични қайд этди.
Шунингдек, Микрокредитбанкда NPL улуши 4,41 фоиздан 7,86 фоизгача ўсди. Мутлақ ҳажм бўйича ҳам мазкур банк етакчилик қилди — ярим йил давомида муаммоли кредитлар қарийб 900 миллиард сўмга кўпайди.
Умумий ўсиш тенденциясига қарамай, айрим банклар кредит портфели сифатини яхшилашга эришди. Энг катта ижобий ўзгариш Пойтахт банкда кузатилди. Унда муаммоли кредитлар улуши 24,40 фоиздан 7,32 фоизгача қисқарди. Шунингдек, Капиталбанк муаммоли кредитлар ҳажмини қарийб 200 миллиард сўмга камайтириб, NPL улушини 2,81 фоиздан 2,14 фоизга туширди. Ипотека-банк муаммоли кредитлар ҳажмини 163 миллиард сўмга қисқартиришга эришди. Hayot Bank’да кўрсаткич 3,96 фоиздан 2,68 фоизгача, Ziraat Bank Uzbekistan’да эса 3,86 фоиздан 2,96 фоизгача пасайди.
Бундан ташқари, KDB Bank Uzbekistan ва Octobank’да муаммоли кредитлар улуши 0 фоиз даражасида сақланиб қолган. Uzumbank (0,01 фоиз), ApexBank (0,04 фоиз) ҳамда Open Bank (0,35 фоиз) энг паст NPL кўрсаткичларини қайд этган банклар қаторига кирди.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, ярим йиллик натижалар банк тизимида кредитлаш ҳажми ортиши билан бирга, қарзлар сифати устидан назоратни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Айниқса, давлат улушига эга банкларда муаммоли кредитлар ўсиш суръати юқорилиги хавфларни бошқариш, кредитларни баҳолаш ва қарздорлар билан ишлаш механизмларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу билан бирга, айрим банкларнинг кредит портфелини соғломлаштириш борасидаги ижобий тажрибаси соҳада самарали ёндашувлар мавжудлигини ҳам намоён этмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА