Банк ходимлари устозларини шарафлади
1 октябр – “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан АТ “Халқ банки” Бухоро вилояти филиали ходимлари томонидан “Таъзим сизга, азиз устозлар” номли тадбир ташкил этилди. Унда банк тизимида узоқ йиллар ишлаган меҳнат фахрийлари, устозлар шарафланди.

– Мен узоқ йил банк тизимида ишладим, – дейди меҳнат фахрийси Ҳадия Комилова. – Ҳар куни ишга ошиқардим. Бугунги кунда яратилган имкониятларни кўриб, қанийди ёш бўлсам яна ишласам дейман. Чунки Халқ банки халқнинг дарди билан яшайди. Бугун биз устозларни йўқлаб, байрам билан табриклашганидан бошим осмонга етди. Устозини ҳурмат қилган шогирд ҳеч қачон кам бўлмайди.

– Устоз билим нури таратувчи қуёшдир, – дейди АТ “Халқ банки” Бухоро вилояти филиали бошлиғи в.в.б Наргиза Латипова. – Ҳар он, ҳар сония билимга чанқоқ ёшларни ўқитиб, уларга таълим-тарбия бераётган устозлар меҳнати таҳсинга сазовор. Шубҳасизки, жамиятнинг исталган соҳасида фаолият юритувчи энг истеъдодли ходимлар ортида албатта фидойи устозлар туради. Уларни алқаш, эъзозлаш биз шогирдларнинг бурчимиз.
Маълумот учун: АТ “Халқ банки” Бухоро вилояти филиалида устоз-шогирд тизими яхши йўлга қўйилган. Жами 646 нафар ходим ишлаётган банк жамоасида устозларни ёқлаб, уларни ибратли насиҳатини олиш анъанага айланган.
Зариф Комилов, ЎзА