Банк ходими жамоат жойларида ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши шарт
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Сурхондарё вилоят бош бошқармасида коррупция ва тамагирликнинг олдини олиб, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш масалларига бағишланган тадбирда шу ҳақда ҳам атрофлича фикр билдирилди.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти вилоят бош бошқармаси, банк хизматлари марказ ва офислари ходимлари иштирок этган тадбирда коррупция ва тамагирликнинг олдини олиш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, банк ходимларининг тартиб интизоми, муомала маданияти, корпоратив этика Кодекси ва бошқа банк норматив қоидаларига ҳамда банк биносига кириш-чиқиш тартибига амал қилиш бўйича белгиланган қоидаларга риоя этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Унда бошқарма бошлиғи Бобур Мамаражабов мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар банк-молия тизимининг барқарорлигини таъминлаб, соҳада ошкоралик, шаффофлик ва қонун устуворлиги тамойилларини тўлиқ қарор топтиришга хизмат қилаётгани хусусида сўз юритди.
Мамлакатимизда жорий йилнинг коррупцияга қарши курашишда “фавқулодда ҳолат” йили, деб эълон қилингани мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, профилактика ва назорат механизмларини янада кучайтиришни тақозо этганини таъкидлади. Шунга мувофиқ “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти тизимида коррупция омилларини тўлиқ бартараф этиш, молиявий жиноятларнинг олдини олиш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ва банк фаолиятида қонунийлик, ҳалоллик ҳамда шаффофлик тамойилларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бироқ, айрим ходимлар ички тартиб бузилишига йўл қўйиб, ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгани қайд этилди. Вилоятда ўз ўрнига эга банкда юз берган хато-камчилик учун биринчи навбатда уни содир этган ходим жавобгар бўлиши, моддий манфаат учун ишлаётганларга банкда асло ўрин йўқлиги ҳақида жиддий огоҳлантирилди.

Бош бошқарма коррупциянинг олдини олишни мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Б. Ҳакимов банк тизимида коррупция ва тамагирликнинг олдини олиш, банк хизматларини кўрсатишда қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, банк ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятни беғаразлик билан, холисона, виждонан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда бажариш ҳақида маълумот берди.
Тадбирда банклар ходимлари содир этаётган жиноятларни муҳокама этиб, бундай нохуш ҳолатлар содир этилишига йўл қўймаслик, кредит тўловлари учун олинган пулларни тўловлар амалга оширилмасдан ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишдан ҳушёр бўлиш, акс ҳолда жиноятга жазо муқаррарлиги тўғрисида гаплашиб олинди.
Тадбир якунида ходимларнинг иш вақтидан бўш даврида ҳам жамоат жойлари, жумладан, умумовқатланиш масканларида, тўй-томошаларда ўзини тута билиши, банк ходими обрўси ва номига доғ туширмасдан бошқаларга ўрнак бўлиши хусусида ҳам фикр алмашилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири