Банк ходими мижозларнинг 133 миллион 629 минг пулларини ўмарди
Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, Жиззахда банк ходими ўз мижозларининг пластик карталаридаги пулларини ўғирлаш билан шуғулланиб келгани аниқланган.
Хабарда қайд этилишича, шаҳарнинг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро ички ишлар органларига мурожаат қилиб, унга тегишли банк пластик картасидан номаълум шахс 8 миллион сўм пулини ечиб олганини билдирган.
Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган суриштирув натижасида мазкур жиноят жабрланувчи мижоз бўлган банкнинг чакана хизматлар бўлими бошлиғи томонидан содир этилгани аниқланган.
Шунингдек, айбланувчи яна 10 нафар фуқаронинг пластик картасидаги пулни ўмарган бўлиб, жабрланувчиларга жами 133 миллион 629 минг сўм зарар етказгани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА