Банк коррупциядан холи соҳага айланади
“Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида “Банк коррупциядан холи соҳага айланади” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилган тадбирда коррупцияга қарши курашиш, коррупцион ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларни бартараф этиш хусусида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Улуғбек Қобулов сўз олиб, банк фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцион хатарларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий тизимларини жорий этиш, банк тизимида амалга оширилаётган “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг самаралари ҳақида гапирди.
Шунингдек, тадбирда тизимда коррупцияга қарши курашиш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ва тизимли йўлга қўйиш юзасидан фикр, мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, банк соҳасида коррупция ҳолатларининг юзага келиш сабаб ва омиллари, уларнинг аянчли оқибатлари мисоллар асосида тушунтирилди.
– “Ўзмиллийбанк” АЖ тизимида 2022-2024 йилларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида, умуман, коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди “Ўзмиллийбанк”АЖ Андижон вилоят бошқармаси хавфсизлик режими ва ахборот ҳимоялаш бўлимининг комплеанс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассиси Зафаржон Тўйчиев. – Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишга оид амалдаги ҳужжатларда белгиланган талаб ва меъёрларни жорий этиш бўйича ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда.
Аввало, ходимларда коррупцияга, унинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга шароит яратадиган омилларни бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.
Ходимлар, шу жумладан, янги ишга қабул қилинаётганлар коррупцияга қарши курашиш йўналиши бўйича автоматлаштирилган SAP (Success Factors Learning Management System) тизим орқали ўқитилиб, уларнинг коррупцияга қарши курашиш, коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этиш борасидаги билим ва тушунчалари бойитилмоқда. Бундан ташқари, ҳар ҳафта ўтказиладиган маърифат соатларида ходимларга коррупциянинг зарарлари, аянчли оқибатлари ҳақида зарур тушунчалар бериб борилмоқда.
Иш жараёнларида қатор банк операцияларини инсон омили аралашмаган ҳолда электрон тизим орқали амалга ошириш йўлга қўйилган. Шунингдек, мижозлар учун ишонч телефонлари ташкил этилган. Уларга кўрсатилаётган хизматлар сифати, ходимларнинг муомала-муносабати юзасидан мурожаат қилиш тизими шаклланган.
Таъкидлаш керакки, “Ўзмиллийбанк” тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган самарали ишлар натижасида банк бир неча ой аввал ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими халқаро сертификатини қўлга киритган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари