Банк кўмагида ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда
“Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан журналистлар учун Андижон шаҳридаги жинси матодан 250 дан ортиқ турдаги кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи “Bobur XBK”корхонасига пресс-тур ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 7 ноябрь куни маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тўқимачилик соҳасида маҳаллийлаштиришни кучайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланиб, мазкур йўналишдаги ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар берилди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” ўзи хизмат кўрсатиб келаётган мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги кўплаб саноат корхоналарининг маҳаллийлаштиришга оид лойиҳаларини молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Андижон шаҳрида “Bobur XBK” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган тикувчилик корхонаси ҳам ана шундай лойиҳалардан биридир.
Умумий қиймати 38,8 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа доирасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун вилоят ҳокимлиги томонидан узоқ вақт фойдаланилмасдан турган, деярли ташландиқ ҳолга келиб қолган бино “ноль” қийматда берилган эди. Банк томонидан корхона молиявий қўллаб-қувватланганлиги натижасида бу ерда қисқа муддатда жинси матодан эркаклар, аёллар ва болалар учун 250 дан ортиқ турдаги кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи замонавий тикув фабрикаси барпо этилди.
Корхонага банк томонидан жалб қилинган хорижий кредит ҳисобига Япония ва Туркия давлатидан замонавий дастгоҳлар, технологик ускуналар олиб келиб ўрнатилди, ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 850 та иш ўрни яратилди. Бугунги кунга келиб корхонада йилига 1,5 миллион донадан зиёд тайёр трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
– Туркия тўқимачилик саноати ривожланган, кийим-кечак экспорти бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади, – дейди “Bobur XBK” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Хайрулло Исмоилов. – Ана шундан, қолаверса, замонавий бизнес талабларидан келиб чиқиб, Туркия тажрибасини жорий этишга киришдик. Ишлаб чиқаришга муҳандис, технолог, бичувчи, тикувчи ва дизайнердан иборат туркиялик мутахассислар жалб қилинди. Ўзаро келишувга кўра, улар мутахассисларимизга ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан кўмаклашмоқда.
Бугунги кунда фабрика маҳсулотларининг 90 фоизи “Diromm” бренди асосида Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда. 2021 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида ушбу давлатларга 2,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Пресс-тур давомида журналистлар корхонадаги иш жараёнлари, ишчи-хизматчиларга яратилган шароитлар билан танишди, маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатда бўлиб, корхонанинг келгусидаги режалари ҳақида маълумот олди.
– Фабрикада бир неча йилдан буён меҳнат қиламан, – дейди корхона ишчиси Барнохон Юлдашева. – Самарали ишлашимиз учун барча шароитлар яратилган. Дам олиш хоналари, тиббий пункт хизматимизда. Бундан ташқари, бепул тушлик, ишга бориб-келиш учун транспорт ташкил этилган.
Эришилаётган муваффақиятларда корхона раҳбарияти томонидан меҳнатни ташкил этишга илғор иш услубларини қўллаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, ишчи-хизматчиларни муносиб рағбатлантириш муҳим омил бўлмоқда.
– Шу йил охиригача ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, яъни тайёрлаётган маҳсулотларимизни ойига 260 минг донага етказиш ҳисобига ишчилар сонини 1000 нафарга етказиш ҳаракатидамиз, – дейди корхона раҳбари Х. Исмоилов. – Мақсадимиз Европа бозорига чиқиш, экспорт ҳажмини 31,2 миллион долларига етказиш. Ҳозирда корхонамиз Россиянинг йирик “JSC Melon Fashıon Group” компанияси таркибидаги “SELA MOMS”, “SELA KIDS”, “ZARINA”, “BIFIRI”, “SMENA” каби машҳур брендга эга корхоналар билан ҳамкорлик қилмоқда. Келгусида Германияда савдо уйини очиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Андижон минтақавий Банк хизматлари офисига ташриф буюрди. Бу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати, ҳажми, шунингдек, аҳолининг автокредит ва ипотека кредитларга қизиқиши тобора ортиб бораётганлиги таъкидланди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида банк хизматлари офиси томонидан жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар миқдори ўтган йилнинг ана шу даврига нисбатан 15 фоизга ортган.
Тадбиркорларга хизмат кўрсатишда Президентимизнинг 2020 йил 21 октябрдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига кўра, экспортолди молиялаштириш мақсадида ажратилаётган кредитлар улуши ўсган. Жорий йилнинг ўтган даврида ана шу йўналишда ажратилган кредитлар миқдори 1,8 миллион долларни, умуман, Банк хизматлари офиси кредит қўйилмалари таркибида саноат соҳаси 60,5 фоизни, қишлоқ хўжалиги 13,1 фоизни ҳамда чакана бизнес 11,4 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, анжуманда 2022-2023 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида ишга туширилиши мўлжалланган 28 та лойиҳадан 19 тасига кредитлар ажратилганлиги, 600 дан зиёд янги иш ўрни яратилганлиги қайд этилди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари банкнинг кредитлаш йўналишдаги фаолияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА