Банк хизматлари кўлами ошмоқда
Пойтахтимизда “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари У.Мустафоев, Банклар ассоциацияси раиси С.Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимиз банк тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида тижорат банклари барқарорлик, изчил капиталлашув ва юқори ликвидлик даражасини сақлаб келаётганини таъкидлади.
Саноатда юқори технологияли қувватларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар самарадорлигинини таъминлашда банклар фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,6 фоиз, кичик бизнесни ривожлантириш учун тадбиркорлик суъбектларига ажратилган кредитлар улуши 1,3 баробар кўпайди.
Инвестиция муҳитини яхшилаш, банк ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини ошириш, тижорат банкларининг ресурс базасини мустаҳкамлаш, инвестициявий фаоллигини рағбатлантириш доимий эътиборда.
Президентимизнинг шу йил 6 майдаги «Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тижорат банклари фаолиятини ташкил этишни янада юқори даражага олиб чиқишда дастуриламал бўлмоқда.
– Мазкур ҳужжатда тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини баҳолаш ва таҳлил қилишнинг халқаро стандартларини жорий этиш, банкларнинг халкаро молия бозоридаги иштирокини кенгайтириш орқали инвестиция салоҳиятини мустаҳкамлаш каби устувор вазифалар белгилаб берилган, – дейди Марказий банкнинг тижорат банклари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш департаменти директори ўринбосари Жаҳонгир Абдурасулов. – Шу асосда банкларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш, омонат ва депозитларнинг жозибадор турларини жорий қилиш ҳамда аҳоли ва хўжалик субъектларининг бўш пул маблағларини банкларга жалб этиш чоралари ишлаб чиқилди. Етакчи молия институтларида бошқарувни ташкил этиш тизимини чуқур ўрганиш асосида корпоратив бошқарув усуллари, жумладан, хатарларни бошқариш ва ички назоратни яхшилаш усуллари такомиллаштирилади.
Тадбирда тижорат банкларининг молиявий барқарорлиги ва ликвидлилигини янада ошириш, уларнинг ресурс базасини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш хусусида фикр юритилди.