Банк карталаридаги йирик пул айланмалари устидан назорат кучайтирилди
Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ҳамда оммавий қиргин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши ички назорат тартиблари такомиллаштирилди.
Бу борадаги «Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қиргин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган. Мазкур ўзгартишлар 9 августдан кучга кирди.
Янги тартиб билан банк карталари, электрон ҳамёнлар, вояга етмаганлар ҳисобварақлари ва йирик пул ўтказмалари бўйича назорат мезонлари аниқлаштирилди.
Янги қоидаларга кўра, 16 ёшга тўлмаган шахснинг ҳисобварағи бўйича икки иш куни давомида 40 БҲМдан, яъни 16,48 миллион сўмдан ортиқ маблағни кирим қилиш, чиқим қилиш ёки нақд ечиб олиш билан боғлиқ операциялар гумонли операция мезонларидан бири ҳисобланади.
Бу орқали вояга етмаганлар номидаги ҳисобварақлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин бўлган шубҳали молиявий операцияларни аниқлаш механизмлари кучайтирилмоқда.
Шунингдек, 30 кундан ошмаган даврда мижознинг банк картасидан мобил илова орқали бир ёки бир нечта банк картаси ёхуд электрон ҳамёнга жами 500 БҲМ — 206 миллион сўм ва ундан ортиқ маблағ ўтказилиши шубҳали операция мезони сифатида белгиланди.
Мижознинг банк картасига 30 кун ичида бир ёки бир нечта банк картаси ёхуд электрон ҳамёндан жами 1000 БҲМ — 412 миллион сўм ва ундан ортиқ маблағ келиб тушиши ҳам назорат доирасига олинади.
Мазкур мезонлар аввал ҳам мавжуд бўлган. Янги тартиб билан кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотдиси бўйича эскроу ҳисобварақлари орқали амалга оширилган операциялар бундан мустасно этилди.
Қоидаларда кучайтирилган мониторинг остидаги давлатлар билан боғлиқ операцияларга нисбатан ҳам янги мезон белгиланди.
Хусусан, 30 кундан ошмаган даврда бундай давлатлардан мижоз ҳисобварағига жами 1000 БҲМ — 412 миллион сўм ва ундан ортиқ маблағ келиб тушиши ёки мижоз ҳисобварағидан мазкур давлатларга шунча миқдорда маблағ ўтказилиши шубҳали операция мезонларидан бири ҳисобланади.
Яна бир муҳим ўзгариш мижозни лозим даражада текшириш тартибига тааллуқли. Аввал ҳисобварақ очмасдан ёки ҳисобварақдан фойдаланмасдан амалга ошириладиган бир марталик операция 500 БҲМ — 206 миллион сўм ёки ундан юқори бўлганда мижозни лозим даражада текшириш талаб этилар эди.
Эндиликда эса мазкур чегара 175 миллион сўм этиб белгиланди. Демак, банкларда айрим бир марталик операциялар бўйича мижозни текшириш механизми аввалгидан пастроқ суммада ишга тушади.
Муҳим жиҳати шундаки, белгиланган миқдорга етган операциянинг ўзи автоматик равишда ноқонуний ёки жиноий операция сифатида баҳоланмайди.
Мазкур суммалар банкларнинг ички назорати учун белгиланган мезонлар ҳисобланади. Агар операция белгиланган мезонларга тушса, банк томонидан у қўшимча ўрганилиши, операциянинг мақсади ва маблағларнинг келиб чиқишига оид маълумотлар таҳлил қилиниши мумкин.
Янги талаблар, аввало, молиявий тизимда шаффофликни таъминлаш, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА