Бангладешда қизамиқ авж олди
Бангладешда қизамиқ эпидемияси авж олди. Сўнгги ҳафталарда 100 дан кўп одам, асосан болалар ҳаётдан кўз юмди. Мутасаддилар вазиятни назорат қилиш учун шошилинч чоралар кўрмоқда.
Бангладешда қизамиқ кенг тарқалиб, вазият жиддий тус олмоқда. Охирги бир неча ҳафта ичида касаллик асосан кичик ёшдаги болаларни ҳаётдан олиб кетди. Масъуллар ҳолат назоратдан чиқаётганини таъкидлаб, зарур чоралар кўришга киришган.
Расмий маълумотга кўра, март ойи ўрталаридан буён мамлакатда 7 500 дан ортиқ ҳолат қайд этилган. Бу ўтган йилги кўрсаткич билан таққослаганда жуда юқори: 2025 йил давомида атиги 125 ҳолат аниқланган. Айниқса, 9 ойликкача бўлган чақалоқлар жиддий хавф остида қолган. Ҳали режа бўйича эмлаш ёшига етмагани сабабли, бу гуруҳ хасталикка таъсирчан ҳисобланади.
Мутахассислар эпидемия кучайишини бир неча омил билан боғламоқда. Жумладан, коронавирус пандемияси даврида оммавий эмлаш кампанияси тўхтатилгани боис иммунитет даражаси сезиларли пасайган. Шунингдек, 2024 йилдаги сиёсий беқарорлик ва оммавий намойиш ҳам соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган. Натижада аҳоли орасида умумий иммунитет тушиб кетган. Ваҳоланки, қизамиқ тарқалмаслиги учун аҳолининг камида 95 фоизи эмланган бўлиши шарт.
Ҳозир Бангладеш ҳукумати халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг қамровли эмлаш кампаниясини бошлаган. Бу жараёнда 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган 1,2 миллиондан кўпроқ бола қамраб олинади. Айниқса, аввалги эмлаш дастурларидан четда қолган болаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шифокорлар таъкидлашича, қизамиқ олдини олиш мумкин бўлган, аммо жуда тез тарқалувчи хавфли касаллик. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2024 йил дунё бўйлаб 95 000 га яқин инсон шу дарддан вафот этган бўлиб, уларнинг аксарияти 5 ёшгача бўлган болалар эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА