Балиқчиликка грант маблағи жалб этилди
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Балиқчилик илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқилган “Кичик ҳажмли ҳавзаларда балиқ етиштириш технологияси” лойиҳаси Европа Иттифоқининг “EU-AGRIN” танловида ғолиб деб топилиб, қиймати 450 миллион сўм бўлган грант маблағи жалб этилди.
Шунингдек, мазкур лойиҳа доирасида 200 миллион сўмлик замонавий лаборатория жиҳозлари харид қилинди.
Мазкур лаборатория жиҳозлари наслли балиқларни етиштириш, аквакултуранинг стандарт талабларини таъминлаш, балиқ касалликларини аниқлаш ва шу каби бошқа илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишга мўлжалланган.
Бундан ташқари, институтга Венгриядаги генафондлар наслчилик марказида сақланаётган ўндан ортиқ соф турга мансуб карп балиқларини босқичма-босқич олиб келиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Олиб келинган генофонд орасидан селекция асосида маҳаллий иқлимга мослашувчанлиги юқори турлар танлаб олиниб, наслчилик ишлари амалга оширилади.
Айни пайтда институтнинг ишлаб чиқариш билан бевосита узвийлиги таъминланган.
Яъни, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция асосида балиқ ва балиқ маҳсулотларини сифатли етиштириш бўйича фермерлар учун ўқув курслари ташкил этилган.
Икром Аввалбоев, ЎзА