Балиқчилик соҳасидаги қонунбузилишлар таҳлил қилинди
Мирзаобод тумани ҳокимлигида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда балиқчилик хўжаликларида ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш ҳолати таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда соҳада қонунчилик талаблари ижросини таъминлаш юзасидан вазифалар белгиланди.
Йиғилишда қайд этилганидек, ўтказилган таҳлиллар давомида тумандаги 46 та балиқчилик хўжалиги томонидан 1 минг 179 гектар унумдор қишлоқ хўжалиги ери сунъий сув ҳавзаларига айлантирилгани аниқланган. Шунингдек, яна 15 та хўжаликда 1 минг гектардан ортиқ майдонда сувдан фойдаланиш ҳисобини четлаб ўтиш мақсадида канал суви аввал зовурларга йўналтирилиб, кейин балиқчилик эҳтиёжлари учун ишлатилгани маълум қилинди.

Муҳокамада мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш, ер ва сув ресурсларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш, солиқ тўловлари ва ҳисоботлардаги камчиликларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.

Вилоят ҳокими балиқчилик мамлакат иқтисодиёти ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим тармоқлардан бири эканини таъкидлаб, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш сиёсати изчил давом эттирилишини қайд этди.
— Балиқчилик қилишга ҳеч ким қарши эмас. Аксинча, даромадли иш қилинг, одамларни иш билан таъминланг. Лекин экин ерини бузиб, сувдан ноқонуний фойдаланиб, давлат ҳисобига бойишга йўл қўйилмайди, — деди Эркинжон Турдимов.
Йиғилишда айрим ҳолатлар юзасидан прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилгани, бир қатор балиқчилик хўжаликлари фаолияти бўйича ҳуқуқий баҳолаш ишлари олиб борилаётгани ҳам маълум қилинди.

Муҳокама давомида ҳар бир гектар ер ва ҳар бир куб метр сувдан қонунчилик талаблари асосида фойдаланиш, уларнинг ҳисобини тўлиқ юритиш зарурлиги таъкидланди.
— Агар ер берилган бўлса, у самарали ишлаши керак. Агар сув олинаётган бўлса, унинг ҳар бир куб метри қонуний ҳисобга олиниши шарт. Ҳар бир қарич ер ҳам, ҳар бир томчи сув ҳам давлатнинг бойлиги, — деди вилоят ҳокими.

Йиғилиш якунида ерлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш, сув ҳисобини тўлиқ йўлга қўйиш, солиқ тушумларини таъминлаш, балиқчилик хўжаликлари фаолиятини қайта ўрганиш ҳамда интенсив балиқчиликни ривожлантириш бўйича вилоят ишчи гуруҳини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Шунингдек, қонунчилик талабларига риоя этиб, фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий кўмак бериш ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий этиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш вазифаси белгиланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, балиқчилик тармоғини ривожлантиришда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири