Балиқчиликда илғор усулларни қўллаш керак...
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қишлоқ хўжалигини, хусусан балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қишлоқ хўжалигини, хусусан балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги «Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазкур ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур ҳужжатга асосан балиқчилик хўжаликларини янада ривожлантириш, янги инкубация цехларини ташкил этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, балиқни қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш тизимини такомиллаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
– Доно халқимиз, балиқ 7 хазинанинг бири, деб бежизга айтмаган, – дейди Боёвут тумани ҳокими Д.Ўролова. – Балиқчилик ривожига қаратилаётган эътибор туфайли ўтган 2019 йилда тумандаги сунъий сув ҳавзаларда балиқ етиштирувчи 22 та хўжаликда 1022,6 тонна маҳсулот етиштирилди. Аммо бу мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмоқда, деган хулосани бермайди. Балиқчилик хўжаликларида илғор усулларга асосланган, соҳасини иқтисодий жиҳатдан рентабелли қилишга мўлжалланган амалий ишларни бошлашимиз керак. Бундан ташқари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида, балиқчилик хўжаликларининг олдида зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиб, ҳар томчи сувдан, ҳар қарич ердан унум билан фойдаланишдек муҳим масала ҳам турганини эсдан чиқармаслик лозим.
Карантин қоидаларига тўла риоя қилинган ҳолда Боёвут туманида ўтказилган йиғилиш балиқчилик саноатининг истиқболларига бағишланди.
Унда тумандаги мавжуд балиқчилик хўжаликлари билан соҳа саноатини янада ривожлантириб, янги инкубация цехларини ташкил этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, интенсив балиқ етиштиришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратиш билан балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.