Бакуда ўзбек шоирасининг китоблари тақдимоти бўлиб ўтмоқда
Айни кунларда Озарбайжоннинг Баку шаҳрида бўлаётган 8-Халқаро китоблар форуми доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шеърлари дунёнинг ўттизга яқин тилларига таржима қилинган таниқли шоира Хосият Рустамованинг озарбайжон тилида чоп этилган “Лайли дарахтлар”, “Исми Лала эди у қизнинг”, “44 кун” номли китоблари тақдимоти ўтказилмоқда.
Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси маданият ишлари қўмитаси, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси, Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номли Маданият маркази ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу тадбирда қардош халқ адиб ва шоирлари, адабиётшунос олимлар, маданият соҳаси вакиллари, олий ўқув даргоҳлари талабалари, шунингдек, бир қатор ўзбек ноширлари ҳам иштирок этмоқда.

Ижоди ва истеъдоди бугунги кунда хорижий давлатларда ҳам эътироф этилаётган ўзбек шоирасининг китоблари тақдимоти қардош ўлканинг бир қанча маданий марказларида ўтказилиши режалаштирилган.
– Шоира Хосият Рустамованинг шеърларини Озарбайжонда ҳам севиб ўқишади. Унинг халқларимиз дўстлиги ва бирдамлиги учун адабий жараёнда қилаётган ишлари мақтовга лойиқ. Шоира ижоди бизнинг юртимизда алоҳида эътироф этилади. Шу боис у Озарбайжоннинг нуфузли Микоил Мушфиқ, Расул Ризо ҳамда Нурангиз Гун номидаги мукофотлар билан тақдирланган, – дейди Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси маданият қўмитаси раиси, шоира Ганира Пашаева.
ЎзА