Бағрикенглик самарали ҳамкорликнинг муҳим омили
16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни
Бухорода Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Мир Араб олий мадрасасида “Миллатлараро ва динлараро бағрикенглик самарали ҳамкорликнинг муҳим омили” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги имом хатиблар, отинойилар, вилоятдаги миллий маданий марказлар вакиллари, мадраса толиблари оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов сўзга чиқиб, “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг ўтказилиши – жамиятда бағрикенглик ғояларининг, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Маълумки, тарихи бир неча минг йилликларга туташ кўҳна ва боқий Бухоро ҳам қадим шарқ цивилизацияси бешикларидан бири сифатида асрлар давомида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маскани бўлиб келган. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Бухорода маҳаллий аҳоли билан биргаликда яҳудий, форс-тожик, қозоқ, туркман, араб, юнон ва бошқа миллат вакиллари ҳам тинч-тотув умргузаронлик қилишган.
[gallery-14608]
Аждодларнинг бағрикенглик анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда бугунги кунда ҳам вилоятда 40 дан ортиқ миллат вакиллари ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиёти йўлида муносиб хизмат қилишмоқда. Бугунги кунда вилоятда 11 та миллий-маданий марказ фаолият юритмоқда. Мазкур марказ аъзоларининг ватанимиз тараққиёти йўлида қилган меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Наталя Чапанашвили, Ирина Котова, Алихан Умаров, Байрамгул Маратова, Олим Раҳматов, Жума Шукуров, Светлана Аҳмедова, Нишон Отамуродов сингари вилоятдошларимиз турли йилларда нуфузли давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Маълумот учун: "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида умумтаълим мактабларида “Миллий анъана ва удумлар” кўргазмалари, “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзусида энг яхши иншолар танловлари, “Менинг бағрикенг дунёим” мавзусида энг яхши расмлар танловлари, бағрикенгликни тарғиб қилувчи шеърхонлик кечалари, шунингдек, олий таълим муассасаларида “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз”, “Диний маърифат ва миллатлараро бағрикенглик – жамият барқарорлиги шарти” мавзуларида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар” мавзусида давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.
Бухоро шаҳридаги ННТ ва дўстлик уйида “Ўзбекистон –бағрикенг диёр” мавзусида маданий-маърифий тадбир ҳам бўлиб ўтди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари