Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз
Жорий йилнинг 11-12 июнь кунлари Сирдарё вилоятида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз” миллатлараро дўстлик фестивали ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу фестивални юқори савияда ўтказиш мақсадида вилоятда қизғин тайёргарликлар бормоқда.
Мазкур миллатлараро дўстлик фестивали олдидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари томонидан ҳамкорликда матбуот анжумани ўтказилди.
[gallery-2744]
Анжуманда фестиваль доирасида ўтказилиши режалаштирилган лойиҳалар тўғрисида батафсил ахборот берилди.
– Мазкур миллатлараро дўстлик фестивали аслида бугундан бошланди, – дейди Ахборот ва оммавий коммуникациялар вилоят бошқармаси бошлиғи Азиз Эсонов. – Фестивалнинг “Эътибордагилар” лойиҳаси доирасида имконияти чекланган ёшлар ҳолидан хабар олиш мақсадида Гулистон шаҳрида онкология-қон касалликлари шифохонаси, болалар шифохонасида даволанаётган бемор болалар, аҳоли хонадонларида бўлиб ўз уйларида таълим олувчи ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан учрашдик. Уларга совға-саломлар улашилиб, вилоят марказига келиш имконияти мавжудларига миллатлараро дўстлик фестивалида иштирок этиш учун таклифномалар тарқатилди.
Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА