Бадиий гимнастика: Жаҳон кубогининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи юқори савияда ўтказилмоқда. Бугун, 10 апрель куни Гимнастика бўйича Республика марказий ўқув-спорт мактабида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Гимнастика федерацияси ҳамкорлигида Халқаро гимнастика федерацияси шафелигида ташкил этилаётган мазкур нуфузли мусобақада иштирок этиш учун мамлакатимизга Арманистон, Бразилия, Болгария, Венгрия, Германия, Исроил, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Португалия, Руминия, Сингапур, АҚШ, Туркия, Филиппин, Чехия Республикаси, Швейцария, Жанубий Корея, Япония ва бошқа қатор давлатлардан энг кучли гимнастикачилар ташриф буюрган.
Тантанали маросимда Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда спорт соҳасининг қатор мутасаддилари ва нуфузли меҳмонлар иштирок этди.
Маросим Давлат мадҳияси садолари остида бошланди. Сўнгра 39 та давлат терма жамоалари аъзолари байрамона кайфиятда муҳташам саройга кириб келди.
[gallery-28693]
Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси юксак натижаларда намоён бўлмоқда. Айниқса, бадиий гимнастика каби қизлар спортини оммалаштириш, малакали мураббийлар тайёрлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир.
Ўзбекистон гимнастика федерацияси мамлакатимизда спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, трамполин, акробатикани оммалаштиришга доир изчил ишларни амалга оширмоқда. Давлатимиз кўмагида иқтидорли спортчиларни аниқлашга ёрдам бераётган минтақавий ва республика мусобақалари мунтазам ўтказилмоқда.
Жаҳон кубоги босқичи Президентимизнинг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Мусобақада жаҳон миқёсидаги машҳур гимнастика юлдузлари — Дарья Варфоломеев (Германия), Мария Сантос, Рита Перейра, Беатриз Гонсалвеш (Португалия), Эмеше Дюлай (Венгрия), Катрин Каллио (Финляндия), Сакура Цурута, Юи Мацусака, Рико Танака (Япония), Ван Цзилу (Хитой) иштирок этмоқда.
Шунингдек, Хитой терма жамоасининг гуруҳ машқлари бўйича Олимпия чемпионлари, Япония, Болгария ва Италия жамоалари ҳам баҳсларда қатнашмоқда.
Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси сафида ҳам иқтидорли спортчилар иштирок этмоқда. Яккалик дастурида Тахмина Икромова ва Лола Жўраева, гуруҳ машқларида эса Мумтозабону Исҳоқзода, Амалия Мамедова, Эвелина Аталянц, Ясмина Мкртчева, Юлия Валеватая ҳамда Самира Аҳмедова ўз маҳоратини намойиш этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА