Бўкада бошланган эзгу ташаббус барча туманларда давом этмоқда
Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида “Sabo Baraka Chevarlari” корхонаси фойдаланишга топширилди.
Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида “Sabo Baraka Chevarlari” корхонаси фойдаланишга топширилди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ёшларни китобхонлик ва спортга кенг жалб этиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида Бўка туманида бошланган хайрли ишлар вилоятнинг барча ҳудудида изчил давом этмоқда.
Жумладан, Янгийўл шаҳрида мазкур ташаббус доирасида хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада шаҳарнинг “Сабо” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Sabo Baraka Chevarlari” енгил конструкцияли тикув-трикотаж цехи фаолияти йўлга қўйилгани ҳам бу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Корхона фаолияти йўлга қўйилиши билан шаҳарда истиқомат қилувчи 300 нафарга яқин хотин-қизлар доимий иш билан таъминланди. Маълумотларга кўра, мазкур тикув-трикотаж цехи йиллик 400-500 минг доллар миқдоридаги маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Эътиборли жиҳати, корхона маҳсулотларини тўлиқ экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Вилоятнинг бошқа бир шаҳри – Олмалиқда эса 5 та муҳим ташаббус доирасида шаҳар ёшларининг таниқли спортчилар билан учрашуви ташкил этилди.
Ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда халқаро теннис майдонида ўз ўрнига эга бўлган теннисчиларимиз Ирода Тўлаганова ва Денис Истомин шаҳар ёшлари билан тенниснинг сир-асрорлари ва эришган муваффақиятлари ҳақида суҳбатлашди.