Азиз ва муқаддассан мўътабар аёл!
Наманган шаҳридаги “Шодиёна” мажмуасида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни байрамига бағишлаб ўтказилган тантанали маросим ана шундай номланди.
Эътиборлиси, байрамона дастурхонга давлат ва жамият ҳаётида фаолллик кўрсатаётган хотин-қизлар қаторида “Аёллар дафтари”га киритилган, фарзандларини ёлғиз ўстираётган, ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ҳам таклиф қилиниб, эҳтиром кўрсатилди.
Тадбирда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов мунис онахонлар, барно аёллар, латофатли қизларни байрам билан табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи наманганлик барно опа-сингилларимизнинг ҳам кўнглини тоғдек кўтарди. Айниқса, “Бундан буён Ўзбекистонда биронта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди”, деган қатъий ишонч билан айтилган фикрлар ҳар бир ўзбек аёлининг дил тубидаги орзулари маҳсули, десак асло муболаға бўлмайди.
Барча ҳудудларда аёлларни қийнаётган муаммолар аниқлаш ва улар билан бўйича манзилли иш олиб бориш учун жорий этилган мутлақо янги тизим – “Аёллар дафтари” бўйича Наманганда ҳам ўтган қисқа давр ичида талай саъй-ҳаракатлар қилинди. Хусусан, вилоят миқёсида “Аёллар дафтари”га киритилган 35 минг 275 нафар опа-сингилларимиздан 11 минг 439 нафарининг бандлик, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик, томорқадан даромад топиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш каби муаммолари ижобий ҳал этилди.

Байрам арафасида Президент фармонига асосан Наманган вилоятидан орден ва медалларга сазовор бўлган саккиз нафар фидойи аёл ва Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ топилган икки нафар қиз эътироф этилди. Узоқ йиллик самарали меҳнатлари билан кўпчиликка намуна бўлиб келаётган 16 нафар жонкуяр аёлга “Мўътабар аёл” кўкрак нишонлари топширилди.
Мукофотланганлар номидан “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси - Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, “Мўътабар аёл” кўкрак нишондори - Норин тумани мактабгача таълим бўлими мудираси Сабоҳатхон Ҳожибоева хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва эъзоз учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

- Ҳар қандай фаолият кўрсатаётган инсон борки, муваффақиятга эришишни хоҳлайди. Бунинг замирида эса тинимсиз машаққат ва меҳнат бўлиши даркор. 43 йил давомида битта жойда - Наманган Давлат университетининг география кафедрасида ишлаб, оддий ўқитувчиликдан профессор вазифасини бажарувчи даражасигача кўтарилдим. Ўтган даврдаги меҳнатларимдан хурсандман. Боиси, шогирдларим орасидан ўнлаб фан докторлари, профессорлар, депутатлар, Олий Мажлис Сенати аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари етишиб чиқди. Камтарона меҳнатларим юксак қадрланиб, давлат мукофоти билан тақдирланганимдан бағоят миннатдорман, - дейди “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси Манзура Маҳмудова. – Бу мукофот мени бундан кейин янада икки ҳисса куч ва шижоат билан ишлашга ундади. Бор билимим ва салоҳиятимни давлатимиз раҳбари истаганидек, “Учинчи реннессанс” даври пойдеворини яратадиган баркамол авлодни тарбиялаш йўлида сафарбар этаман.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева дил сўзларини билдирдилар. Санъаткорлар ижросидаги дилбар куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача тароват киритди.
Маросим якунида шаҳар, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўз ҳудудларида “Аёллар дафтари”га кирган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш учун ажратилган 450 дона микротўлқинли печ тақдим этилди. Хотин-қизлар жамғармаси ҳисобидан амалга оширилаётган мазкур кўмакдан биринчи галда ногиронлиги бор, кам таъминланган ва ёлғиз аёллар баҳраманд бўлишади.

[gallery-1464]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА