Аждодларимиз жасорати – мангу барҳаёт
Кўп миллатли Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этиб, фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.
Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан
Кўп миллатли Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этиб, фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.
Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий чора-тадбирлар дастури” тасдиқланган.
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раисининг ўринбосари Маҳмуд ҒОФУРОВ ЎзА мухбирига байрамга тайёргарлик тўғрисида сўзлаб берди.
– Мазкур қарор ижроси бўйича “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлимининг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда уларни моддий, маънавий рағбатлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Аждодларимиз жасорати – мангу барҳаёт” деган ғоя асосида пойтахтимизда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг қаҳрамонликлари, ўзбек халқининг фронт ортидаги фидокорона меҳнати ва ғалабага қўшган беқиёс ҳиссаси, фронт ҳудудларидан республикамизга кўчириб келтирилган юз минглаб инсонларга нисбатан кўрсатган юксак инсонпарварлик фазилатларини ҳар томонлама чуқур акс эттирадиган маданий-маънавий тадбирлар, тарғибот акциялари, концерт дастурлари, тасвирий санъат кўргазмалари, ижодий кечалар, танловлар, оммавий спорт мусобақалари, “уч авлод вакиллари учрашувлари”ни ўтказиш режалаштирилган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойларида ободончилик ишлари ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 156 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 апрелдаги “1941 – 1945 йиллардаги уруш фахрийларини, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслар ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида йилда бир марта уларга кийим-кечаклар ва пойабзал, ҳар ойда 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Уларнинг соғлиги Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан доимий назоратга олинган.
Жорий йилда Президентимиз парламентга Мурожаатномасида 2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланиши ҳақида алоҳида тўхталиб, “Бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Бу қонли урушда жами 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган жасоратини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Биз уруш ва фронт орти фахрийларини фақатгина байрамларда эмас, балки доимо эъзозлаб, ардоқлашимиз, уларнинг соғлиги ҳақида ҳар куни, ҳар соатда ўйлашимиз лозим. Жорий йилда уларга ҳар томонлама эътибор янада кучайтирилади. Жумладан, мамлакатимизнинг энг яхши санаторийларида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратамиз. Уруш йилларида халқимиз кўрсатган ҳақиқий жасорат ва матонатни кино, театр санъати, бадиий-публицистик асарлар, илмий тадқиқотлар орқали кўрсатиш, аҳоли, айниқса, ёшларимизга таъсирчан тарзда етказиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида муҳташам “Ғалаба боғи” бунёд этилмоқда”, деган эди.
“Ғалаба боғи” халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилатларини, қаҳрамон аждодларимизнинг номлари, шонли анъана ва қадриятларини абадийлаштириш, юртимизда инсон хотираси азиз ва муқаддас, қадри улуғ эканини англатади.
Боғда хотира музейи, санъат галереяси, халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлиги ва матонати ҳақида ҳикоя қиладиган диорамалар, уруш фахрийлари учрашадиган заллар, уруш билан боғлиқ барча турдаги маълумотларни жамлаб борадиган архив барпо этилмоқда.
Хотира музейи экспонатлари орқали халқимиз, айниқса, ёшларни урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка, бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мустақилликнинг қадрига етишга, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, Ватан ҳимоясига тайёр туриш руҳида тарбиялашга устувор аҳамият берилмоқда. Бунинг учун уруш қатнашчиларининг ўзи ва оила аъзолари розилиги билан ўша вақтдаги ҳарбий хизматга чақирув қоғози, йўловчи билетлари, ҳарбий кийимлари, соғинчли мактублари ва “қора хатлар” олиниб, музейга топширилмоқда. Шунингдек, қаҳрамонларнинг орден ва медаллари, тарихий китоб ва альбомлар музейга экспонат сифатида қўйилади.
Ғалабанинг 75 йиллиги “Аждодларимиз жасорати – мангу барҳаёт” деган ғоя асосида пойтахтимизнинг ҳар бир ҳудудида кенг миқёсда нишонланади. Тошкент кўчаларида ҳарбий парад ўтказилади.