Аждодларимиз жасорати – мангу барҳаёт
Жорий йилнинг 9 май санасида фашизм устидан қозонилган ғалабага 75 йил тўлади.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Жорий йилнинг 9 май санасида фашизм устидан қозонилган ғалабага 75 йил тўлади. Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.
Хотира ва қадрлаш куни халқимиз хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бир қаторда “Хотира китобидан” даҳшатли урушда ҳалок бўлган бобоси, отасини излайди, хотирлаб эслайди. Шу куни Ўзбекистоннинг барча қабристонлари зиёратчилар билан тўлади. Қатағон қурбонлари эсланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.
Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшди.
Юз минглаб навқирон ватандошларимиз жанг майдонларида қон тўкиб, жон бердилар. Уларнинг жасоратидан кам бўлмаган жон фидолик намуналари сифатида фронт ортида ҳам аёллар, кексалар, ёш болалар чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар.
Иккинчи жаҳон уруши бошланган даврда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион киши эди. Шулардан 1,5 миллиондан ортиғи урушда қатнашди. Фронтда Ўзбекистон аҳолисининг 22 фоизи жанг қилди.
Ўша оловли йилларда Ўзбекистонда етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – ғалаба учун!” дея ишлади, яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз оғир меҳнат қилди. Ўзбекистон фронт учун зарур барча нарсаларни етказиб берадиган муҳим таянч марказлардан бирига айланди. Ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбий мақсадларда қайта ташкил этилди.
Юртдошларимиз бутун куч ва имкониятларини Ўзбекистонга кўчирилган 100 дан ортиқ завод ва фабрикаларнинг фаолиятини ғоят қисқа муддатда қайта йўлга қўйишга сафарбар қилдилар. Уруш йилларида республикамиздан жанг майдонларига 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб танк ва қурол-яроғлар, юзлаб ҳарбий-санитар поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.
Уруш ўчоғига айланган ҳудудлардан Ўзбекистонга қарийб 1 миллион киши, жумладан, 200 мингдан ортиқ ёш болалар эвокуация қилинди. Ўша қонли йилларда халқимиз сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. Ўша машаққатли даврда халқимизга азалдан хос бўлган инсонпарварлик, меҳрибонлик ва қалб саховати каби фазилатлар айниқса ёрқин намоён бўлди.
Ўзбекистонлик 120 мингдан зиёд аскар ва офицер жанг майдонларида кўрсатган жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланди. Уларнинг 301 нафари “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвонига, 74 нафари учала даражадаги “Слава” (шуҳрат) орденига сазовор бўлган.
Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Истиқлол йилларида 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. Энди эса уруш қурбонларининг номи мамлакат пойтахтидаги Хотира майдонига ўрнатилган “темир дафтар”га зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди. 1999 йил 9 майидан эътиборан бу майдон мамлакатимиз фуқароларининг қалбига яқин, ўтганлар руҳи ёдга олинадиган, Қуръон суралари тиловат қилинадиган гўша – муқаддас қадамжога айланди. Шундан буён бу ер – зиёратчилар билан гавжум.
2019 йил 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда эзгу ишларни изчил давом эттириш, 2020 йили дунё миқёсида кенг нишонланадиган буюк сана – Ғалабанинг 75 йиллик байрамига пухта тайёргарлик кўриш ва уни юксак даражада ўтказиш, Ўзбекистон халқининг жанг майдонларидаги, уруш ортидаги қаҳрамонлиги ва фидокорона меҳнатини, тарихий хизматларини мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш ва абадийлаштириш, ёш авлодимизни ота-боболаримиз жасоратига муносиб бўлган, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлашга қодир, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида кўплаб эзгу ишлар амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийларини, шунингдек, мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларини ҳар томонлама ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масаласи ҳам умумхалқ байрами мазмунидаги қадрлаш моҳиятининг амалий жиҳатини яққол намоён этади. 9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад мужассам.
Хотира – одамларнинг вафотидан кейин ҳам бу дунёда яшаши учун имкон берадиган бирдан-бир макон. Халқнинг хотирасиз яшаши асло мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида Ғалаба боғи барпо этилмоқда. Мазкур боғ Ватанга садоқат, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади.
Ғ.ЮСУПОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Сирдарё вилояти бўлими раҳбари.